АВСТРАЛИЯ

АВСТРАЛИЯ, Австралия Иттифоқи (Commonwealth of Australia) — Жан. ярим шардаги давлат, Австралия материги, Тасмания о. ва бошқа оролларда жойлашган. Майд. 7,682 млн. км2. Ахолиси 19 млн. киши (1999). Пойтахти — Канберра ш.

Давлат тузуми. Австралия — Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига кирувчи федерал давлат. Австралиянинг амалдаги Конституцияси 1901 й. да қабул қилинган. Давлат тузилиши шакли жиҳатидан — федерация. Давлат бошлиғи — Буюк Британия қироли (қироличаси), генералгубернатор унинг вакили ҳисобланади. Конун чиқарувчи ҳокимият икки палатали (вакиллар палатаси ва сенат) федерал парламент. Вакиллар палатаси (қуйи палата) 3 й. муддатга, сенат (юқори палата) депутатлари ҳар бир штатдан 6 й. муддатга сайланади. Сенат таркибининг ярми ҳар 3 й. да янгиланади. Генерал-губернатор ва бош вазир бошчилик қиладиган ҳукумат ижроия ҳокимиятни амалга оширади. Австралиянинг ҳар бир штати ўз конституцияси, парламенти ва ҳукуматига эга; штатларнинг ҳуқуқлари чекланган.

Табиати — қ. Австралия (материк), Тасмания ороли.

Аҳолиси. Австралия ҳоз. аҳолисининг асосий қисми — Британия о. ларидан кўчиб келганларнинг авлодлари — инглизлар, ирландлар, шотландлар бўлиб, улар австралияликлар миллатини ташкил этади (қ. Австралияликлар). Туб жой аҳоли ва дурагайлар Австралия аҳолисининг 1,5% ни ташкил этади; украинлар, итальянлар, немислар, греклар, голландлар ва б. ҳам яшайди. Бир неча юз ўзбек бор. Расмий тили — инглиз тили. Аҳолининг ўртача зичлиги — 1 км2 га салкам 2 киши. Аҳолининг 80% га яқини материкнинг шарқий ва жан.-шарқий соҳилида истиқомат қилади; аҳолининг — 2/3 қисми йирик шаҳарларда яшайди. Энг йирик шаҳарлари: Сидней, Мельбурн, Брисбен, Аделаида, Перт.

Тарихи. 18-а. гача Австралия аборигенлари ибтидоий жамоа тузуми шароитида яшаган. Европаликлардан биринчи бўлиб материкка голланд денгиз сайёҳлари В. Янсзон (1606) ва Австралия Тасман (1642) келганлар. Янги қитъани ўрганиш учун Англия бир неча экспедиция, жумладан Ж. Кук раҳбарлигидаги экспедицияни юборди (1770). 1788 й. да А. Англия ҳудуди деб эълон қилинди.

19-а. нинг 20-й. ларидан бошлаб Австралияда қўйчилик ривожланди, 30-й. ларда дастлабки саноат корхоналари пайдо бўлди. 19-а. нинг 2-ярмидаги «олтин талвасаси» (1851—61) муносабати билан кўчиб келувчилар анча кўпайди. Англия ҳукумати Австралия даги мустамлакаларда бошланган кенг халқ ҳаракати (олтин изловчиларнинг 1854 й. даги Эврика қўзғолони ва б. исёнлар) тазйиқи остида 1855 й. да уларнинг кўпчилигига ўзини ўзи бошқариш хуқуқини беришга мажбур бўлди. 1901 й. А. даги мустамлакалар 6 штатдан иборат федерацияга — А. Иттифоқига бирлаштирилди ва у доминион мақомини одди. 1906 й. да унга Британиянинг Папуа мустамлакаси (Янги Гвинея о. нинг жан.-шарқий қисми), 1-жаҳон урушидан кейин эса (бу урушда Австралия қўшинлари Британия армияси таркибида жанг қилди) Германиянинг собиқ Янги Гвинея мустамлакаси (Янги Гвинея о. нинг шим.шарқий қисми) ва Науру о. (Миллатлар Иттифоқи мандати остидаги ҳудуд сифатида) берилди. 2-жаҳон уруши вақтида Австралия гитлерчиларга қарши коалиция тарафида ҳаракат қилди. 1945 й. дан Австралия — БМТ аъзоси. Урушдан кейин А. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибида қолган ҳолда мустақил давлатга айланди. Урушдан кейин деярли доимо ҳокимият тепасида буржуа партиялари — либерал ва аграр (1975 й. дан миллий аграр) партиялари коалицияси бўлди. Фақат 1949 й. гача, 1972-75 й. ларда ва 1983 й. да ҳукуматни лейбористлар тузди. Бу партия ташки ва ички сиёсатда мустақил йўлдан бориш учун бир қанча тадбирларни амалга оширди. Австралия ҳукумати Науру (1968) ва Папуа Янги Гвинея (1975) га мустақиллик беришга мажбур бўлди. 1991 й. да Австралия билан ЎзР ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилган. Миллий байрами — А. куни (26 янв.). Сиёсий партия ва касаба уюшмалари. А. миллий партияси, 1916 й. да ташкил этилган; А. либерал партияси, 1944 й. да тузилган; А. лейбористлар партияси, 1891 й. да ташкил этилган; А. демократлари партияси, 1977 й. да ташкил этилган. Австралия касаба уюшмалари кенгаши 1927 й. да тузилган. Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради.

Хўжалиги. Австралия — юксак даражада ривожланган индустриал аграр мамлакат. Иқтисодиётда йирик монополиялар ҳукмрон, хорижий сармоя, асосан АҚШ ва Буюк Британия сармояси катта мавқега эга. Австралия темир руда, боксит, рутил, қўрғошин, жун, шакарқамиш маҳсулоти экспорт қилиш соҳасида етакчи ўринда, кўмир, рух, мис, марганец, буғдой, гўшт экспорт қилишда олдинги ўринлардан бирида туради.

Саноати. Австралия саноати ялпи миллий маҳсулотнинг 30% ни беради. Унинг асосий тармоқлари: кончилик, металлургия, кимё, машинасозлик, озиқ-овқат, енгил саноат. Асосий энергетика ресурслари — кумир ва табиий газ. Иссиклик электр ст-ялари электр энергиянинг 80% га яқинини ҳосил қилиб беради. 1994—95 й. 155 млрд. кВт-с электр энергияси ҳосил қилинган. Энг катта темир руда ҳавзаси — Ғарбий Австралия даги Пилбара кони, рангли металл рудалари, асосан Брокен-Хилл (Янги Жан. Уэльс) ва Маунт-Айза (Квинсленд), бокситлар Уэйпа кони (Квинсленд) ва Гов (Шим. ҳудуд)дан қазиб олинади. 1994—95 й. Ill млн. тонна темир рудаси, 202 млн. тонна тошкўмир, 32,9 млн. тонна нефть, 20,7 млрд. куб-метр табиий газ, 256 т олтин қазиб олинган. Саноатда машинасозлик, металлургия, кимё, нефть кимёси (олтин-гугурт кислотаси, минерал ўғитлар) ва нефтни қайта ишлаш тармоқлари устунлик қилади. 1994—95 й. 6,2 млн. т пўлат, 237 минг т мис, 211 минг т қалай, 1,2 млн. т алюминий ва 360 мин-гга яқин автомобиль ишлаб чиқарилган. Озиқ-овқат саноати кўпроқ экспортга (гўшт, ун, қанд-шакар, сариёғ-пишлоқ, пиво, вино) мосланган. Тўқимачилик, тикувчилик, пойабзал корхоналари бор. Асосий саноат марказлари: Сидней, Мельбурн, Брисбен, Аделаида, Перт. Вуллогонг — Порт-Кембла, Ньюкасл, Жилонг, Куинана порт-саноат мажмуалари шаклланган.

Қишлоқ хўжалиги . А — йирик ер эгалиги мамлакати. Фойдаланиладиган ерларнинг 80% дан ортиғи йирик ер эгалари қўлида. Фермалар сертоварлиги, механизациялашуви ва ихтисослашуви билан ажралиб туради. Қ. х. маҳсулоти қийматининг 60% дан кўпроғини чорвачилик беради. Қўйлар 174 млн., қорамол — 24,1 млн. бошни ташкил этади. Қўйчиликнинг асосий р-нлари — жан.-шарқий ва жан.ғарбий соҳил; сут етиштирувчи р-н жан.шарқий соҳил, гўшт етиштирувчи р-н мамлакат шарқи ва шимоли. Салкам 15 млн. гектарга экин экилади, шундан 1,5 млн. гектари суғорилади. Асосий экинлар — буғдой (ҳосили йилига ўртача 14,3 млн. т) ва шакарқамиш, шунингдек арпа, сули, супурги, жўхори, шоли, маккажўхори, картошка, пахта, тамаки, узум, мевали дарахтлар. Бир йилда ўртача 3,7 млн. т. шакар хом ашёси, 3,7 млн. т. гўшт, 720 минг т. жун етиштиради.

Транспорти. 1996 й. да автомобиль йўллари 900 минг км, жумладан қаттиқ қопламали йўллар — 420 минг км, т. й. — 40,6 минг км ни ташкил қилди. Асосий денгиз портлари — Сидней, Мельбурн, ихтисослаштирилган портлар — ПортХедленд, Дампир (темир руда жўнатиш). Халқаро аэропортлари: Сидней, Мельбурн, Перт, Дарвин.

Ташқи савдоси. Экспортда қ. ҳ. маҳсулотининг улуши 30%, минерал хом ашё 27,8% ва тайёр саноат маҳсулотлари 20% ни ташкил этади. Тайёр истеъмол моллари, асбоб-ускуналар, нефть чет элдан келтирилади. Асосан Япония, АҚШ, Буюк Британия билан савдо-сотиқ қилади. Пул бирлиги — А. доллари.

Тиббий хизмати. Давлат касалхоналаридан ташқари тиббий хизмат асосан хусусий шифокорлар томонидан кўрсатилади. Шифокорлар сони 18 минг (721 кишига 1 шифокор). Шифокорларни ун-тларнинг 8 тиббиёт ф-ти тайёрлайди. Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Австралияда болаларга 6 ёшдан 15 ёки 16 ёшгача (ҳар бир штатда ҳар хил) мажбурий таълим берилади. Туб жой аҳолининг 40% саводсиз. Давлатга ва хусусий шахсларга карашли мактаблар бор. Олий таълим — пулли. Австралияда 26 ун-т, 35 коллеж бор. Энг йирик олий ўқув юртлари: Сидней, Аделаида, Мельбурн ун-тлари, Аделаида, Мельбурн техника ин-тлари. Бир қанча академиялар, шу жумладан Австралия ФА, и. т. институтлари ва илмий жамиятлар бор. Энг йирик кутубхоналар: Канберрадаги Миллий кутубхона, Сидней ун-ти кутубхонаси ва б. Музейлар: А. музейи (Сидней), Виктория штатининг Миллий галереяси (Мельбурн) ва б.

Матбуоти, радиоэшиттириши, телекўрсатуви. Австралияда 70 дан кўпроқ кундалик газ. (10 асосий газ. нинг тиражи — 5 млн. нусхадан зиёд) ва 592 бошқа даврий нашрлар чиқади. Кундалик «Геральд-сан ньюс пикториал» («Хабарнома — Қуёш», 1990 й. дан), «Сидней морнинг геральд» («Сидней тонг хабарномаси», 1831 й. дан) энг салмоқли газ. лар ҳисобланади. Асосий ахборот агентлиги — Острэлиан ассошиэйтед пресс (1935 й. да асос солинган). 100 радиост-я ва 85 телемарказ ишлайди. «Эй-биси» ва «Эй-би-эс» умуммиллий телерадиоэшиттириш компанияси мавжуд. Радиоэшиттиришлар 1923 й., телекўрсатувлар 1956 й. дан йўлга қўйилган.

Адабиёти. Австралия адабиёти инглиз тилида (аборигенларнинг ўз ёзуви йўқ). 19-а. нинг 1-ярмида метрополия адабиёти таъсирида ривожланди. Миллий реалистик адабиёт 90-й. лардаги ижтимоий-сиёсий юксалиш муҳитида юзага келди. Унга Т. Коллинз, X. Лоусон ва б. асос солди. 1-жаҳон уруши воқеалари Австралия адабиётининг янада равнақ топишига кўмаклашди. Бу давр асарларида жабрзулм фош қилинди, аборигенларнинг фожиаси акс эттирилди (К. С. Причард, X. X. Ричардсон, Э. В. Палмер, К. Теннант, Б. Пентон ва б. лар). А. Маршалл, Ж. Моррисон прозасида, Б. Адамсон, М. Гилмор поэзиясида жамият нуқсонлари танқид қилинди, миллий мустақиллик ғоялари тараннум этилди. Ирқий камситиш адибларнинг муҳим мавзуидир. Бунга Ф. Б. Викерснинг «Сароб» (1955), Д. Кьюзекнинг «Қувғиндаги қуёш» (1955) ва «Қора чақмоқ» (1964), Г. Кейсининг «Сноубол» (1958), Д. Стюартнинг «Йенди» (1959), М. Дьюрекнинг «Уни сақла, она юртим» (1955) асарлари ва б. асарлар мисол бўлади. Драматургияда ҳоз. замон муаммоларига мурожаат этилган: А. Тернер, С. Локк-Эллиот, К. Данкан, Д. Кьюзек, О. Грей, Р. Лоулер, М. Брэнд пьесалари.

Меъморлиги. Австралияда меъморлик 18-а. охирларида инглиз классицизми ва янги готикаси руҳида ривожлана бошлади. 19-а. нинг 2-ярмидан Сидней, Мельбурн, Брисбен, Аделаида ш. ларида тўғри бурчакли кўп қаватли уйлар қурилди. 20-а. нинг 20-й. ларидан Австралия меъморлигида янги оқимлар, асосан конструктивизм ёйила бошлади (пойтахт Канберра, 1913— 1927, меъмор У. Гриффин). Замонавий иншоотлар орасида Сиднейдаги опера театри (меъмор Г. Зайдлер), Мельбурндаги олимпиада стадиони (1956) ва б. диққатга сазовор.

Тасвирий санъати. Австралия бадиий маданияти икки илк асосга эга. Уларнинг бири аборигенлар санъати (ўймакорлик, бумерангларга нақш солиш, ғорлардаги қоя тошларда инсон қиёфасини тасвирлаш), иккинчиси — европача маданият. 18-а. нинг охири — 19-а. нинг бошларида Австралия табиатининг айнан аниқ тасвири (К. Мартене, А. Л. Бювелот), ҳажвий графика (С. Т. Хилл) пайдо бўлди. 19-а. охири — 20-а. бошларида ҳаётий рангтасвир миллий мактаби ривожланди (рассомлар Ж. У. Ламберт, Ф. Мак-Кабин, Н. Кунихон, ҳайкалтарош П. Дадсуэль). 20-а. нинг 40-й. ларида аборигенларнинг янги санъати вужудга келди (Наматжир ва Парерулья оилалари).

Мусиқаси. Австралия туб жой аҳолисининг мусиқий халқ ижодиёти оддий усуллар жўрлигида рақсга тушиб, қўшиқ айтишдан иборат: чолғу асбоблари — қайроқ, довул, дижериду ва ш. к. 18-а. охирларидан европача мусиқа расм бўла бошлади. 1847 й. да Сиднейда А. Натаннинг «Австрия Дон Жони» деган биринчи Австралия операси саҳналаштирилди. Аделаида, Мельбурн, Сидней, Брисбен, Канберра, Хобартда консерваториялар бор. Австралия мусиқа арбоблари — композиторлардан А. Хилл, Ж. Антил, А. Бенжамин, дирижёр Б. Хейнце, скрипкачи Б. Кимбер, хонандалар Н. Мелба, X. Блейр ва б.

Театри. Австралияда дастлабки спектакллар 18-а. нинг 80-й. ларида кўчиб келган европаликлар томонидан қўйилган. 19-а. нинг 30—40-й. ларида Сидней ва б. шаҳарларда доимий ишловчи театрлар барпо этилди. Миллий театрнинг шаклланишида 20-а. нинг 10—30-й. ларида адабий-театр бирлашмалари кўмак берди, улар асосан мамлакатда яратилган пьесаларни саҳналаштирдилар (К. С. Причард, Л. Эссон, У. Мур, К. Уотсон). А. нинг «Одд тоут», «Индепендент тиэтр» етакчи миллий театрлари тижорат театрларига («Тивали» ва б.) қарама-қарши туради. Янги театрлар деб аталган ярим профессионал театрлар ҳам ишлаб турибди.

Киноси. Мамлакатда кино ишлаб чиқариш 1900-й. да бошланди. 70-й. ларда Австралия кинони ривожлантириш федерацияси тузидди. Ҳужжатли кино оммалашган. Мельбурндаги Давлат илмий ва саноат тадқиқотлари ташкилоти илмий фильмлар чиқаради.