АВСТРАЛОПИТЕКСИМОНЛАР

АВСТРАЛОПИТЕКСИМОНЛАР (Australopithecinae) — одамсимон маймунларнинг қирилиб кетган кенжа оиласи. 3 тури — зинжантроп, парантроп, плезиантроп маълум. Плиоцен охири ва плейстоцен бошларида яшаган. Суяк қолдиқлари дастлаб 1924 й. да Жан. Африканинг Калахари саҳросидан, кейинрок, Марказий Африканинг Олдовай дараси (Танзания), Омо дарё водийси (Эфиопия), Рудольф кўли ва Хадар деган жой яқинида (Кения) топилган. Австралопитексимонларнинг бўйи 120—130 см, тана массаси 30—40 кг, миясининг ҳажми 500—600 см3 бўлган, икки оёкда тик юрган, туда бўлиб яшаган. Австралопитексимонлар ўзларини ҳимоя қилиш ёки ҳужум қилиш учун тош, таёқ ва суяклардан фойдаланган, деган тахминлар мавжуд. Кўпчилик антропологларнинг фикрича, энг прогрессив Австралопитексимонлар (презинжантроплар) энг кад. тош қурол ясаган одамларнинг дастлабки аждоди ҳисобланади. Австралопитексимонларнинг қад. одамларнинг бевосита аждоди эканлиги узил-кесил ҳал этилмаган.