АВСТРИЯ-ИТАЛИЯ УРУШИ

АВСТРИЯ-ИТАЛИЯ УРУШИ (1866) — Италиянинг Австрия ҳукмронлигига қарши миллий озодлик уруши. Бу вақтда Италияда бирлаштирувчилик ҳаракати яна кучайган ва Италия асосан бирлашган эди. Лекин австрияликлар қўл остидаги Венеция вилояти ва Папа ҳокимиятига қарашли Рим ҳали озод этилмаган, бирлаштирилмаган эди. Италиянинг бирлашган қисмида ҳукмрон бўлиб олган Савойя сулоласига мансуб Сардиния қироллиги (Пьемонт) Италияни батамом бирлаштириш мақсадида халқ оммасининг ватанпарварлик ҳиссиётидан ва Пруссиянинг Австрияга қарши курашидан фойдаланишга интилди. 1866 й. 8 апр. да Италия ва Пруссия ўртасида яширин битим имзоланди. Пруссия 16 июнда Австрияга қарши уруш бошлагандан сўнг 20 июнда Италия қўшинлари Венеция ҳудудига бостириб кирди. Гарибальди кўнгиллилари Триест, Трентино ва Жан. Тиролни озод этди. Австрия-Пруссия урушида Австриянинг зарбага учраши туфайли Италия учун қулай вазият вужудга келди. Лекин денгизда Италия флоти талафот курди. Бунинг устига Пруссия Италиянинг розилигини олмай, Франция воситачилигида 26 июлда Австрия билан яраш битими имзолади. Франция ва Пруссия таклиф этган шартлар асосида Сардиния қироллиги билан Австрия уртасида 10 авг. да яраш битими, 3 окт. да эса Венада сулҳ шартномаси имзоланди; Австрия Венециядан воз кечди. Венеция Италия таркибига киритилди. Аммо Триест, Трентино ва Жан. Тироль яна Австрия қўлида қолди. Италиянинг бирлашиши 1870 й. га бориб туғалланган.