АВСТРИЯ-ПРУССИЯ УРУШИ (1866) — Австрия билан Пруссия ўртасида кўпдан бери давом этиб келган жанжалга барҳам берган, Германияни бирлаштиришда қайси немис давлати ҳукмрон бўлиши мумкин деган масалани ҳал этган уруш. Пруссия канцлери Бисмарк урушга дипломатик ва ҳарбий жиҳатдан пухта тайёрлик кўриб, Франция ва Россиянинг бу урушда бетараф бўлиши тўғрисидаги ваъдаларини олди.
Урушнинг дастлабки кунларидаёк, Австриянинг ожизлиги сезилиб қолди. 1866 й. 3 июлда Садова ёнида австрияликларга қаттиқ зарба берилди. Бу билан Австриянинг бундан кейин Германияни бирлаштириш ишига даъвогар бўлмаслиги масаласи ҳал этилди. Австрия-Пруссия яраш битими 26 июлда Никольсбургда, сулҳ шартномаси эса 23 авг. да Прагада имзоланди. Уруш натижасида Пруссия ўз ҳудудини анча кенгайтирди ва у бошчилигида Шим. герман давлатлари иттифоқи ташкил топди. Австрия бу иттифоқдан четда қолди.