АВСТРИЯ

АВСТРИЯ, Австрия Республика с и (Osterreichische Republik) — Марказий Европадаги давлат, Дунайнинг ўрта оқими ҳавзасида жойлашган. Майд. 83 минг 858 км2. Аҳолиси 8 млн. киши (1996). Пойтахти — Вена ш.

Давлат тузуми. Австрия — федератив республика. Амалдаги конституция 1920 й. да қабул қилинган (1929 й. да ўзгаришлар киритилган). Давлат тузилиши шакли жиҳатдан Австрия — федерация (иттифоқ давлат). Давлат бошлиғи—федерал президент, уни ахрли 6 и. муддатга сайлайди. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни икки палатали парламент: миллий кенгаш (қуйи палата) ва федерал кенгаш (юқори палата) амалга оширади. Миллий кенгашни аҳоли 4 й. муддатга сайлайди. Федерал кенгаш аъзоларини ўлкалар парламентлари (ландтаглар) уз ваколатлари муддатига (4—6 й. га) сайлайдилар. Ижроия ҳокимиятни федерал президент ва у тайинлайдиган федерал канцлер бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади. Ҳар бир ўлканинг ўз конституцияси ва қонун чиқарувчи органи бор. Ўлкаларнинг ҳуқуқлари чекланган.

Табиати. Австрия — асосан тоғли мамлакат. Унинг жан. қисми Шарқий Альп тоглари — Юқори Тауэрн (бал. 3797 м, Гросглокнер чўққиси) ва Қуйи Тауэрн; шим. қисми — паст-баланд текисликлардан иборат бўлиб, чекка шим-шарқда у Ўрта Дунай паеттекислигига туташиб кетади. Фойдали қазилмалари: нефть, газ, магнезит, қўнғир кумир, темир ва қўрғошин-рух рудалари, графит, ош тузи; бинокорлик материалларининг анчагина захиралари мавжуд. Иқлими-мўътадил. Янв. нинг ўртача т-раси — Г, —4°, июлда 15° дан 18° гача. Йилига 500—900 мм, тоғларда 2000 мм гача ёғин ёғади. Асосий дарёси — Дунай ва унинг ирмоклари (Инн, Траун, Энс, Драва ва б.). Дарёлар анчагина гидроэнергия захираларига эга. Кўллар кўп, уларнинг аксарияти музликлардан пайдо бўлган. Чимли-подзол ва қўнғир ўрмон тупроқлар, жан.-шаркда ишқорсиз подзоллашган қора тупроқлар, тоғларда тоғ-қўнғир, тоғ-ўтлоқ, тоғ-подзоллашган тупроқлар. Австрия майдонининг 40% га яқини ўрмонзор (дуб, бук, арча, пихта, япроқ баргли дарахтлар). 2000 м баландликда тоғ ўтлоқлари бошланади.

Аҳолиси. Австрия аҳолисининг 99% — австрияликлар. Словенлар, хорватлар, венгерлар, чехлар, немислар, итальянлар ҳам яшайди. Расмий тили — немис тили. Аҳолисининг ўртача зичлиги — 1 км2 га 90 киши. Аҳолининг 52% шаҳарларда яшайди. Энг йирик шаҳарлари: Вена, Грац, Зальцбург.

Тарихи. Ҳоз. Австрия ҳудудидаги дастлабки инсон излари палеолит замонларига бориб тақалади. Мил. ав. 1-а. дан бошлаб бу ерда турли қабилалар, асосан кельтларнинг авлодлари яшаган. Милоднинг 6-а. и охирларида Австрия ғарбига баварияликларнинг герман қабиласи, марказий ва шарқий қисмларига славян қабилалари (асосан словенлар) кўчиб келиб ўрнашди. 8-а. охирларида Австрия Франк давлати таркибига, бу давлат бўлингандан кейин (843 и.), Шарқий Франк қироллиги (Германия) таркибига кирди. 10-а. нинг 2-ярмида барпо этилган Бавария Шарқий маркаси Австрия давлатига асос солди. 1156 й. дан бошлаб Австрия «Муқаддас Рим империяси» таркибидаги герцоглик. 12-а. охиридан 14-а. гача Австрия герцоглари Штирия, Каринтия, Крайня, Тиролни қўшиб олдилар. Айниқса 1282 й. да Габсбурглар сулоласи қарор топгач, Австрия герцоглари Жан. Германиянинг энг қудратли ҳукмдорларига айландилар. 16-а. да Габсбурглар Чехия, Силезия, Ғарбий Венгрияни ва жан. славян ерларининг бир қисмини қўлга киритдилар. 18-а. да бутун Венгрия, Трансильвания, Хорватия, Жан. Нидерландия, қисман Италия ерлари, Банат, Словениянинг бир қисми, Шим. Босния, поляк, румин ва украин ерларининг бир қисми Австрия ҳокимияти остига ўтди. Буюк француз инқилоби йилларида Австрия инқилобий Францияга қарши юриш ташаббускорларидан бири, Наполеон урушлари даврида Францияга қарши коалициялар қатнашчиси бўлди. 1804 й. дан Австрия — империя. А — Муқаддас иттифоқ ташкилотчиларидан бири. 1848 й. мартда Австрия империяси ўлкаларида буржуа-демократик инқилоби содир бўлди. 1859 й. ги Австрия-Италия-Франция уруши ва 1866 й. ги Австрия-Пруссия урушидаги маглубият унинг Германия давлатига таъсири йўқолишига олиб келди.

1867 й. да Австрия империяси дуалистик (қўш) монархия — АвстрияВенгрияга айланди. 1-жаҳон урушида у Германия иттифоқчиси бўлиб қатнашди. 1918 и. нояб. да буржуа-демократик инқилобининг ғалабаси туфайли Австрия-Венгрия бир неча мустақил давлатга бўлиниб кетди, жумладан Австрия ҳам республика деб эълон қилинди. 1919 й. ги Сан-Жермен сулҳ шартномасида Австриянинг чегаралари белгилаб берилди. 1929—33 й. лар жаҳон иқтисодий инқирози даврида Австрияда реакциянинг хуружи кучайди. 1933 й. да парламент тарқатиб юборилди, матбуот ва йигилишлар эркинлиги бекор қилинди. 1934 й. да қўзғолон кўтарган халқ (Вена, Линц ва б. шаҳарлар) уч кун мобайнида фашист тўдаларга ва ҳукумат қўшинларига қуролли қаршилик кўрсатди. 1938 й. да фашистлар Германияси Австрияни қўшиб олди. 1945 й. баҳорида Австрия гитлерчилар зулмидан халос этилди. 1945—55 й. ларда Австрия ҳудудида собиқ СССР, АҚШ, Буюк Британия, Франция қўшинлари турди. 1955 й. да мустақил ва дсмократик Австрияни қайта тиклаш тўғрисида Давлат шартномаси тузилди. Ўша йили Австрия парламента доимий бетарафлик тўғрисидаги қонунни қабул қилди. 1955 й. дан А, – БМТаъзоси. 1992 й. да Австрия билан ЎзР ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди. Миллий байрами: 26 окт, — бетарафлик куни (1955).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. А. социал-демократик партияси, 1889 й. да тузилган; А. халқ партияси, 1915 й. да тузилган; А. озодлик партияси, 1955 й. да тузилган; «Яшил муқобил» партияси, 1987 й. да тузилган; «Либерал форум» партияси, 1993 й. да тузилган. Австрия касаба уюшмалари бирлашмаси, 1945 й. да тузилган; Халқаро аркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради.

Хужалиги А, — юксак даражада ривожланган индустриал-аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотнинг 36,3% саноатда ва 2,8% қ. х. ва урмон хўжалигида хосил қилинади. Австрия иқтисодиётида йирик чет эл корпорациялари муҳим роль ўйнайди. Огир саноатнинг бир қанча тармоқлари мамлакат ихтиёрига олинган. Четга кўп маҳсулот чиқарилади.

Саноати. Австрия энергетикаси гидро-ресурслар ва асосан четдан келтириладиган кўмир негизига қурилган. Кончилик саноати тармоқлари орасида магнезит (Штирия, Каринтия), темир рудаси (Айзенерц), полиметалл рудалар, нефть ва газ қазиб олиш катта аҳамиятга эга. Саноатнинг асосий тармоқлари – машинасозлик ва металлсозлик (кончилик, металлургия ва хужаликнинг бошқа тармоқлари, транспорт воситалари ва ш. к. лар учун асбоб-ус-куналар и. ч.). Металлургия, кимё, нефть кимёси, ёғочсозлик, қоғоз, енгил (тўқимачилик, пойабзал, тикувчилик) ва озиқ-саноат марказлари — Вена, Линц, Грац.

Қишлоқ хўжалиги. Қ. х. да интенсив чорвачилик етакчи ўринда туради. Фермалар кўп, таъминот-сотиш ва матлубот кооперацияси шохобчаси ривожланган.

Австрия асосан тоғли ўлка бўлишига карамай, унинг 20% ҳайдаладиган ерлар, 28,8% яйлов ва пичанзорлардир. Қорамол, чўчқа, қўй, эчки боқилади. Асосий экинлари: ғалла—буғдой, арпа; техника экинлари — канд лавлаги. Хашаки экинлар, мева, узум етиштирилади. Асосий қ. х. ўлкалари — Қуйи Австрия, Юқори Австрия, Бургенланд ва Штирия.

Транспорти. Т. й. ларнинг узунлиги — 6,4 минг км. Магистрал газ қувурлари — 1,8 минг км. Автомобиль ва ҳаво транспорти ҳам ривожланган. Дунайда кемалар қатнайди. Асосий порти ва муҳим халқаро аэропорти — Вена.

Ташқи савдос и . А. машиналар, асбоб-ускуна, ёғоч материаллар, графит, азотли ўғитлар, металл буюмлар, электр энергия ва халқ истеъмол молларини четга чиқаради. Хом ашё, ёқилғи, озиқ-овқат маҳсулотларини четдан олади. Ғарбий Европа мамлакатлари орасида ташқи савдо муомаласининг кўп қисми Германияга тўғри келади. Хорижий сайёхлик кўпгина даромад келтиради. Пул бирлиги — А. шиллинги.

Тиббий хизмат. Австрияда 77600 дан зиёд ўринли касалхоналар бор; барча ихтисосликлардаги 28565 шифокор тиббий ёрдам кўрсатади. Шифокорларни Вена, Грац ва Инсбрук ун-тларининг тиббиёт ф-тлари етиштириб беради. Хушманзара Баденбай-Вин, Бад-Ишль, Бад-Шаллербах, Бадгаштайнда турли курортлар жойлашган.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Ада 1966 й. дан умумий 9 йиллик таълимни жорий этиш бошланган. Австрия мактаблари ва б. турдаги ўрта ўқув юртларида 1 млн. дан ортиқ ўқувчи, олий ўқув юртларида 205600 талаба ўқийди, 14 минг ўқитувчи ишлайди. Энг йирик олий ўқув юртлари: Вена, Грац, Зальцбург, Инсбрукдаги ун-тлар, Вена, Грацдаги техника ун-тлари. Австрия Фанлар академияси мавжуд. Кутубхоналари: Венадаги Миллий кутубхона, ФА ва Вена ун-ти кутубхоналари; музейлари: Тасвирий санъат академиясининг бисоти, Австрия галереяси, Бадиий-тарих музейи, Бетховен, Гайдн, Моцарт, Шуберт музейлари ва ҳ. к.

Матбуоти, радиоэшиттириши, телекўрсатуви. Австрияда бир канча кундалик газ. ва б. даврий ахборот нашрлари чиқади. Энг машҳур нашрлари: «Винер цайтунг» («Вена газетаси», 1703 й. дан), «Виртшафт» («Иқтисодиёт», 1945 й. дан), «Курир» («Дастёр», 1954 й. дан); асосий журналлари: «Эстеррайхише монатсхефте» («Австрия ойномаси», 1945 й. дан), «Золидаритет» («Бирдамлик»). Ахборот агентлиги — Аустрия прессе агентур — акциядорлик жамияти, 1946 й. ташкил этилган. Радио ва телекўрсатув «Эстеррайхишер Рундфунк» («Австрия радиоси ва телевидениеси») давлат ташкилоти томонидан назорат қилинади. 399 радиостясидан эшиттиришлар олиб борилади. Телекўрсатув 1956 й. дан буён ишлайди.

Адабиёти. Австрия адабиёти 9—11-а. ларда вужудга кела бошлаган. Унда лотин тилидаги линий шеърият устун эди. Шоира Ава ва ҳажвчи шоир Генрих фон Мельк немис тилида ёза бошлашган. 12-а. охирида қаҳрамонликни мадҳ этувчи эпослар («Нибелунглар тўғрисида қўшиқ») яратилди. Бу даврга келиб Вена миннезанг деб аталган сарой рицарлик шеърияти марказита айланди. В. фон дер Фогальнейде энг атокли миннезингер эди. Бюргерлик вужудга келган даврда Австрия адабиётида мухолифлик руҳидаги ҳажвчилик кучайди. 13 — 14-а. лардаги таниқли ҳажвчилар: «Поп Амис» шванк (жанр тури)лар тўпламининг муаллифи Штриккер, шоирлардан Вернер-Садовник ва Г. Тейхнер. 14 — 16-а. ларда гуманистлар И. Фон Ноймаркт, И. фон Заац, К. Цельтис фаолияти диққатга сазовор. Габсбурглар монархияси ва католик черковни мадҳ этувчи 17-а. адабиёти ва театри халққа бегона ва тушунарсиз эди. Ҳажвчи Абрахам а Санта Клара ва Вена халқ драмаси намояндалари (Й. Страницкий ва б.)нинг асарлари халқ орасида машҳур эди. Австрия адабиёти 18-а. охири ва 19-а. да ғоят гуллаб-яшнади. Энг яхши асарларда Европа маърифатпарварлиги олий ғоялари акс эттирилди. Вена халқдрамаси ва ҳажвчилик йўли анъаналарини Ф. Раймунд, И. Нестрой, А. Блумауэр давом эттиришди. Айни вақтда классицизм ва романтизм ривожланиб борди. К. Пихлер, И. Н. Фогль, Н. Ленау ижодида романтик оҳанглар ва миллийватанпарварлик ғоялари устунлик қилди. 19-а. охири — 20-а. бошлари адабиётида бир қанча натурачилик ва субъективчилик руҳидаги импрессионизм, неоромантизм, символизм, экспрессионизм каби оқимлар юзага келди. Шу оқимлар айрим намояндаларининг асарларида ижтимоий танқидий оҳанглар янгради. Г. фон Гофмансталь, А. Шницлер, А. Рода-Рода, Р. М. Рильке, Г. Тракль, Ф. Верфель, П. Альтенберг, Г. Бар, Ф. Кафка ўз даврининг нуқсонларини қоралаганлар. Б. фон Зутнер ва К. Краус асарларида милитаризмга карши ошкора норозилик билдирилган. 1-жаҳон уруши йилларида ва ундан кейин адабиёт майдонига келган шоирлар: А. Вильдганс, А. Петцольдтуб халқчиллик ғояларини кўтариб чиқишди. К. Э. Францоз, С. Цвейг, Р. Музиль, Й. Рот, Г. Цурмюлен, Г. Брох, Ф. Брукнер урушга қарши рухда асарлар яратишди. А. Германия томонидан қўшиб олингач (аншлюз), айрим тараққийпарвар ёзувчилар (Й. Рот, Р. Музиль, С. Цвейг ва б.) мамлакатдан бош олиб кетишга мажбур бўлдилар, баъзилари (Ю. Зойфер, А. Кёниг) фашизм зиндонларида ҳалок бўлдилар. Мамлакат фашизмдан озод бўлгач, Австрия адабиё-тининг асл намояндалари миллий маданиятни янада ривожлантиришга ҳисса қўшдилар. Э. Пристер. Г. Леберт, Ф. Т. Чокор, X. Гупперт, Х. фон Додерер, И. Бахман, М. Вид, Ф. Каин, А. Лернет-Холения сингари шоир ва ёзувчилар шулар жумласидандир.

Меъморлиги. 11-а. дан 13-а. бошларигача Австрия меъморлигида романтик услуб ҳукмрон бўлди (Гурке ва Зеккаудаги базилика, Венадаги авлиё Стефан соборининг ғарбий тарзи). 13 — 15-а. ларда готика расм бўлди (Хейлигенкрейц ва Цветлдаги черковларнинг хорлари, Венадаги Стефан собори). Австрия даги Уйгониш даври (15—16-а.)да эркерли (ойнаванд), пешайвонли уйлар, қаср тоифасидаги саройлар қурилди. 17—18-а. ларда Вена, Зальцбург, Линцда барокко услубида шаҳар ташқарисидаги қароргоҳлар, монастирлар, сарой ва черковлар қурилди (Шенбрунн саройлари мажмуаси, 1695, меъмор И. Б. Фишер фон Эрлах; Бельведер, 1714 — 23, меъмор Л. Хильдебрандт). 19а. 1-ярми меъморлиги учун классицизм, 19-а. 2-ярми меъморлиги учун эклектика ва модерн хос бўлди. Замонавий иншоотлар орасида Венадаги Штадтхалле шаҳар зали (1955—58, меъмор Р. Райнер) ва б. бор.

Тасвирий санъати. Австрия ҳудудида «Виллендорф Венераси» деб аталган палеолитик ҳайкал (қад. тош даври), неолит кулолчилиги ва бронза буюмлар (янги тош даври) топилган; маҳаллий ҳайкалтарошлик ва рассомлик намуналари (мил. ав. 1-а. — милоднинг 5-а. и) сақланиб қолган. Гурке ва Зеккаудаги собор деворларига солинган расмлар, шунингдек витражлар, рельефлар, миниатюраларда романтик услуб кўриниб туради (11 —13-а. лар). 15-а. дан бошлаб Австрия санъатида Уйғониш даврининг инсонпарварлик белгилари пайдо бўлди (ҳайкалтарош Я. Кашауэр, рассом М. Пахер). 17 — 18-а. ларда барокко услубининг ривожланиши билан Австрия санъати катта аҳамият касб этади (Б. Пермозер, Г. Р. Доннер, Ф. К. Мессершмидтнинг манзара ҳайкаллари, Ф. А. Маульберч ранг-тасвири, Вена чинниси). Портрет ранг-тасвирида классицизм таъсири сезилади (И. Б. Лампи, И. Грасси). 19-а. да романтизм (М. Швинд) ва бидермайер (Ф. Вальдмюллер, М. Даффингер) ёйилди. X. Маккарт ижодига дабдабали салон услуби хосдир. 1898 й. дан Вена Сецессиони жамияти модернчи рассомлар (Г. Климт, А. Кубин)ни бирлаштирди. 20-а. бошларида экспрессионизм (О. Ко-кошка) юзага келди. Ҳоз. замон санъатида абстракционизм (Ф. Вотруба) ва сюрреализм (Э. Фукс, Й. Добровский ва б.) билан бир қаторда реалистик анъаналар давом этмоқда.

Мусиқаси. Ўрта асрлардан бошлаб сайёҳ мусиқачилар, шпильманлар, вагантлар (қочоқ талабалар, ишқий, ҳазил қўшиқ ижрочилари) халқ мусиқа маданиятининг намояндалари бўлган. 17-а. да халқ мусиқа театри (зингшпиль), камер мусиқаси ва симфония вужудга келди. 18-а. нинг2-ярмида Вена классик мактаби шаклланди (Й. Гайдн, В. А. Моцарт ва Л. Бетховен). К. В. Глюк унинг энг яқин ўтмишдоши эди. 19-а. нинг 1-ярмида Ф. Шуберт Австрия мусиқасида романтик оқимга асос солди, бал мусиқаси ғоят машҳур бўлди (Й. Ланвер, Штрауслар оиласи), Вена опереттаси қарор топди |Й. Штраус (ўғил), Ф. Зуппе, К. Целлер]. И. Брамс ва А. Брукнер ижодида симфоник мусиқа юксак даражага кўтарилди. 20-а. бошларида атокли симфониячи Г. Малер ижод этди. Ф. Шрекер опера жанрида ишлади. 19-а. охирида Янги Вена мактаби юзага келди (А. Шёнберг, А. Берг, Австрия Веберн). Ҳоз. замон Австрия мусиқасида янги классицизмдан тортиб модернизмгача бўлган турли оқимлар мавжуд. Композитор Й. Маркс романтик реализм деб аталган ўз мактабини яратди, унинг шогирдлари — А. Кауфман, Ф. Вильдханс, ижрочилар орасида — дирижёрлар Г. Караян, К. Бём, яккахонлар орасида Э. Шварцкопф, Г. Теппер, И. Меттерних ва б. Мусиқа жамоалари: Венада — Вена давлат операси, Халқ операси («Фольксопер»), Камер театри, учта симфоник оркестр, Вена ўғил болалар хори, Грацда — опера; Зальцбургда 1841 й. дан Моцартеум — халқаро моцартшунослик маркази ишлаб турибди. Мазкур уччала шаҳарда мусиқа ва драма санъати академиялари бор.

Театри. Австрияда театр 16-а. да вужудга кела бошлади (ҳаваскор актёрларнинг сайёр труппалари). 17—18-а. ларда сарой ва мактаб театрлари бўлган. 1712 й. да Венада дастлабки доимий театр, 1741 й. да Бургтеатр, 1788 й. да «Йозефштадт-театр»га асос солинди. Сўнгги театр 20-а. нинг 20—30-й. ларида санъатда илгор роль ўйнади (1924—38 й. ларда унга М. Рейнхардт раҳбарлик қилди). 1945 й. дан «Бургтеатр» А. нинг етакчи театри бўлиб қолди.

Киноси Австриянинг биринчи бадиий фильми — «Босқичдан босқичга» (1908, реж. X. Ханус). 1920—24 й. лар Австрия киносининг кжсалиш даври бўлди (хусусан, реж. Австрия Корд фильмлари). Австрия кинематографиясининг янги равнақи 1946 й. дан бошланди («Олис йўл» фильми, реж. Э. Хеш).

Вена ш. даги Опера театри биноси.

50—60-й. ларда мусиқали биографик фильмлар, ревю-фильмлар («Қаҳрамонлик симфонияси», «Дунай фарзандлари», «Сўнгги ҳаракат») чиқарилди. Таниқли реж. лар В. Форст, А. Квендлер; актёрлар П. Вессели, М. Андергаст, Р. Шнайдер, Максимилиан ва Мария Шеллар Австрия кино арбобларидир.

Loading...