АВСТРИЯ-ВЕНГРИЯ ИМПЕРИЯСИ — Австрия ва Венгриянинг ҳукмрон синфлари ўртасидаги битим асосида 1867 й. да Австрия империясини қайта тузиш натижасида ташкил топган дуалистик (бирлашган икки давлатли) монархия. Бу монархия: Австрия (Цислейтания) ва Венгрия қироллиги (Транслейтания)дан ташкил топди. Австрия таркибига Чехия, Моравия, Галиция, Буковина ва б. ерлар, Венгрия қироллигига Словакия, Хорватия, Трансильвания ва б. ерлар кирди. Ўша йили янги конституция қабул қилинди. А.-В. и. ҳокимиятини Австрия им-ператори бошқарди (у Венгрия қироли деган унвонга ҳам эга эди). Император ҳокимияти расман Австрияда рейхстаг, Венгрияда сейм томонидан чекланди. Бутун империя бўйича уч министрлик:
1) ташқи ишлар;
2) ҳарбий ва денгиз;
3) молия министрликлари ташкил этилди. Ҳарбий ва денгиз ҳамда молия министрликлари империянинг ҳар икки қисмида ҳам мавжуд эди. Бошқа министрликлар Австрияда ҳам, Венгрияда ҳам мустақил иш юритган. 1867 й. битимига биноан, Венгрия ўз парламентига, министрликларига, сиёсий ва маъмурий мухториятга эга бўлди. 1-жаҳон урушида А.-В. и. нинг мағлубияти ва миллий озодлик курашлари натижасида 1918 й. нинг охирида А.-В. и. парчаланиб кетди. А.В. и. ўрнида Австрия, Венгрия, Чехословакия давлатлари тузилди, ҳудуднинг бир қисми эса Югославия, Руминия ва Польша таркибига киритилди.