АВТОБАЧИ — Кармана-Навоий ва Бухоро воҳалари оралиғидаги плато. Зарафшон дарёсининг шим. да жойлашган. А. Зарафшоннинг қад. аллювий ётқизикларидан ташкил топган. Аллювиал ётқизиқларни Зарафшон дарёси кесиб ўтиб, шим. да Автобачи ва жан. да Кизилтепа платоларини ҳосил қилади.
Автобачи ён-атроф текисликларидан 4—5 м кўтарилган. Эчкили дашти деб аталган ғарбий қисми бора-бора Қизилқумга туташиб кетган. Автобачининг усти ясси текислик, унда ётиқ ён бағирли ва ясси тубли пастқамликлар мавжуд бўлиб, бир вақтлар сув оққан ўзанларнинг излари сақланган. Туби тақирли ботиқлар ҳам бор. А. неоген даврининг қум-тош, гил, мергел жинслари, Зарафшон дарёсининг қад. силлиқланган шағал тошларидан иборат қисқа антиклиналь устида таркиб топган. Шагал тошлар 20 м чуқурликкача, яъни конгломератларгача цементлашган, қатламлар орасида қумтошнинг юпқа қатламчалари учрайди. Шағал тошларнинг юқори қисми (2 м чуқурликкача) гипслашган. Улар устида сергипс қумоқ ва қумлоқлар мавжуд. Грунт сувлари конгломератларда 10 — 25 м чуқурликда шўрланган (1 л сувда 10— 12 г туз бор), дарё водийсига яқинлашган сари су-вининг шўрлиги камаяди. Автобачида шўртоб бўз-қўнғир тупроқлар тарқалган, таркибида гипс миқдори кўп (20—30% ва ундан зиёд). Биюрғун, боялич, шувоқ ва б. чўл ўсимликлари ўсади. Яйлов чорвачилигида фойдаланилади.