АВТОЭЛЕКТРОНИКА — машинасозликка оид электроника билимлари ва воситалари мажмуи. Автоэлектроника автомобиль двигателларининг ўт олдириш микроэлектрон тизимлари, бошқарувни компьютерлаштириш электрон қурилмалари, йўловчилар учун турли қулайликлар яратувчи электрон тизимлар ва б. автоматик қурилмаларни яратиш билан боғлиқ и. т.лойиҳалаш ишларини ўз ичига олади. Автоэлектроника қурилмалари ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг сифати, пухталиги ва б. иқтисодий кўрсаткичларини яхшилайди. Кейинги вақтларда янги микроэлектрон интеграл схемалар асосида такомиллашган Автоэлектроника қурилмалари яратилди. Автомобилсозликда микроэлектрониканинг аҳамияти ошиб бормоқда. Айниқса, экология муаммоларини ҳал этишда, автомобилларни ишлатиш хавфеизлигини таъминлашда, уларга хизмат кўрсатишни янада қулайлаштириш ва б. муаммоларни ҳал этишда микроэлектрониканинг ўрни анча юқорилашди. Автомобилларни автоматик бошқаришда, уларнинг иш режимлари параметрларини назорат қилиб туришда, турли датчиклар ёрдамида олинаётган ахборотларни тўплаш ва уларга ишлов беришда, трансмиссияии бошқариш тизимида, двигателни бошқариш-тўхтатиш тизимида махсус датчик, интеграл қурилмалар ва микропроцессорли микросхемалар қўлланилмоқда. Истиқболда тузилиши жиҳатидан бир бутун бўлган датчиклар ва микроэлектрон функционал қурилмалар тизими Автоэлектрониканинг ривожланишини тезлаштиради ва қўлланиш соҳаларини янада кенгайтиради.