АВТОФАЗАЛАШ

АВТОФАЗАЛАШ — циклик тезлатгичларда катта энергияли зарядланган зарралар дастасининг орбитада турғунлигини таъминлаш учун зарралар гуруҳининг ўртача айланиш частотасини тезлаштирувчи ўзгарувчан электр майдон частотасига автоматик тарзда тенглаштириб туриш. Автофазалаш принципини 1944 й. да рус физиги В. И. Векслер ва мустақил равишда 1945 й. да америкалик олим Э. Макмиллан таклиф этган. Автофазалаш асосида тезлатгичларнинг қуйидаги асосий турлари: синхротрон ва микротрон — электронлар тезлатгичи, фазатрон (синхроциклотрон) ва синхрофазатрон — протонлар тезлатгичи ишлаб чиқилган. Жуда катта (юзлаб МэВ ва ундан юқори) энергияда ишлайдиган барча циклик тезлатгичлар Автофазалаш асосида лойиҳаланган.