АВТОЛИЗ, аутолиз (авто… ва юн. lisis — емирилиш, парчаланиш) — ўсимлик ёки ҳайвон организмидаги тўқималарнинг ўз-ўзидан парчаланиши. Автолиз организмдаги оқсил, углевод, ёг каби мураккаб моддаларнинг турли ферментлар таъсирида парчаланиши туфайли содир бўлади. Автолизда, асосан ўлган организмдаги тўқималар емирилади ёки тирик организмнинг баъзи аъзоларидаги тўқималардан маълум бир қисми бирор сабабга кўра (мас, хавфли ўсмаларда) парчаланади. Ўсимликларда Автолиз ҳужайранинг паст т-ра таъсирида, қуритилганда, заҳарли моддалар (хлороформ, толуол ва б.) таъсир этиб қуриб қолганида, шунингдек тўқималарни механик усулда майдалаганда рўй беради. Автолиз баъзи технологик жараёнларда, тамаки, чойни ферментлашда, ем-хашакни силослашда ҳам содир бўлади.