АВТОМАТ ҚУРОЛ

АВТОМАТ ҚУРОЛ — ўқ отиш қуроли. У ўқ (снаряд) отилганда ҳосил бўлган порох газининг қуввати билан ўзўзидан ўқланиб отилгани учун шундай аталади. У узлуксиз ва якка ўқ отиш имконини беради. Фақат қайта ўқланиши автоматлашган қурол ярим Автомат қурол деб аталади. Автомат қурол 19-а. 2-ярмида пайдо бўлди. Қуйидаги турларга бўлинади:

1) автомат пистолетлар — яқин масофа (50 м)га ўқ отадиган қуроллар;

2) пистолет-пулемётлар — 300 м гача масофадаги нишонга зарба берувчи қуроллар.

3) ўзи ўқланувчи ва ўзи отилувчи автомат милтиқлар — 600 м га қадар масофадаги нишонга битталаб отиш учун мўлжалланган. Ўқ битталаб отилганда минутига 25—30 ўқ отиш мумкин;

4) қўл пулемётлари — 800 м масофадаги нишонга отишга мўлжалланган қуроллар. Битталаб минутига 120 донага қадар ўқ отиш мумкин;

5) станокли пулемётлар —1000 м ва ундан узоқ, (2—2,5 км) масофадаги нишонга зарба бериш учун ишлатиладиган кучли қуроллар. Минутига 250 га қадар ўқотади. Станокли пулемётлар пастроқ учувчи душман самолётларига ҳам зарба бера олади:

6) йирик калибрли пулемёт (одатда, калибри 12,7—15 мм) — танк ва самолётларга ўрнатиладиган қурол, ҳаводаги нишонларга зарба бериш, енгил зирҳ билан қопланган нишонларга қарши курашиш учун мўлжалланган қурол;

7) автомат тўп (калибри 20 мм ва ундан катта) — асосан ҳаводаги нишонларга зарба бериш учун танк ва самолётларга ўрнатиладиган қурол.