АВТОМАТ ШЛАГБАУМ

АВТОМАТ ШЛАГБАУМ — т. й. нинг автомашина, трактор ва от-аравалар кесиб ўтадиган жойларида қатнов хавфсизлигини таъминлаш учун ишлатиладиган қурилма. Транспорт ўтадиган жойнинг ҳар икки томонига т. й. изидан камида 10 м нарига ўрнатилади. Қуйидаги қисмлардан иборат: мачта (минора), тўсин, тўсинни ҳаракатга келтирувчи механизм, сигнал чироклари, овоз сигнали, йўл кўрсаткич тахтачалар, посанги. Поезд транспорт ўтадиган жойга яқинлашганда Автомат шлагбаум ўз-ўзидан ишлайди ва йўлни беркитади, поезд маълум масофага узоқлашгандан кейин йўлни очади (яна қ. Шлагбаум).