АВТОМАТ (юн. automatos — ўзи ҳаракатланувчи) — 1) маълум ишдаги барча жараёнларни берилган дастур бўйича кишининг иштирокисиз ўзи бажарадиган қурилма. Автоматни бир оз созлаб, айрим ҳолларда назорат қилиб туриш керак бўлади. Автомобиль двигателлари поршенини ишлаб чиқарадиган автоматлаштирилган з-дда металлни эритишдан тортиб, то тайёр поршень олиш, поршенларни саралаш ва ҳатто яшикларга жойлашгача барча ишларни Автоматлар бажаради. Ярим Автомат ларда айрим операция бажарилгач, машина ўз-ўзидан тўхтайди, уни ишчи яна юргизиб юборади. Автомат ва ярим Автоматлар машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноатларида, қ. х. да кенг қўлланилади. Мас, пахта экишда сеялканинг уяга чигит ташлаб берадиган қисми оддий Автомат ҳисобланади.
Автоматлар технологик (турли автоматлаштирилган агрегатлар ва б.), энергетик (автоматик асбоблар, қурилмалар ва б.), транспорт (автомашинист, автопилот ва б.), ҳисоблаш-ечиш (ҳисоблаш машиналари ва б.), савдо (магазин-автомат ва б.), ҳарбий (автоматик қуроллар ва б.), маиший автоматлар, ўйин автоматлари ва б. турларга бўлинади.
«Ўзи ҳаракатланадиган» механизмлар қадимдан маълум. Пружинали ва маятникли соатларнинг яратилиши (17а) Автомат ривожига анча таъсир этди. Автоматдан саноатда фойдаланиш 18-а. га — саноат инқилоби даврига тўғри келади. Электротехниканинг ривожланиши (19-а.) электр ёрдамида ҳаракатланадиган Автоматнинг пайдо бўлишига олиб келди. Электрониканинг пайдо бўлиши (20-а.) билан тамоман янги электрон автоматик қурилмалар ва бошқарувчи ҳисоблаш машиналари пайдо бўлди. Шу туфайли Автоматнинг имкониятлари ва қўлланилиш соҳалари борган сари кенгаймоқда;
2) кибернетиканинг асосий тушунчаларидан бири; дискрет (ракамли) ахборотларни дискрет вақт тактлари билан қайта ишлайдиган техника ва биологик тизимнинг мавҳум модели (қ. Автоматик бошқариш назарияси).