АВТОМАТИК НАЗОРАТ

АВТОМАТИК НАЗОРАТ — автоматик хабарлаш, ўлчаш ва ростлаш асбоблари ёрдамида турли и. ч. жараёнларини одам иштирокисиз тартибга солиб туриш ва қайд қилиб бориш. Автоматик назорат технологик жараён параметрлари (қийматлари) нинг ўзгаришига биноан машина ва аппаратларнинг бошқариш ва тартибга солиш органларига тез ва аниқ таъсир этишини таъминловчи асосий воситалардан бири. Автоматик назоратда ўлчаш асбоблари назорат қилинаётган параметрларнинг қийматларини диаграммаларга ёзиб боради ёки технология жараёнини тартибга солувчи, деталларни сараловчи ва б. мосламаларга таъсир этади. Бунга дифференциал ўлчаш усули, ўрнини қоплаб ўлчаш усули, кўприксимон ўлчаш усули ва ноль ўлчаш усулини қўллаб эришилади. Бу усулларнинг ҳаммаси ўлчаш жараёнини пневматик (ҳаво) ёки электрик автоматлаштиришга имкон беради.