АВТОМАТИК НУСХАЛАШ — автоматик қурилма ёрдамида намуна, модель, андаза ёки чизмадан нусха кўчириб буюм ясаш. Автоматик нусхалаш мураккаб шаклли буюмларни, мас, эшкак винтларини, кема ва самолётларнинг шаклдор қисмларини, штамп ва б. ни ясашда қўлланилади. Автоматик нусхалаш махсус нусхалаш станоклари, фрезерлаш-нусхалаш станоклари ва автоматик агрегатларда бажарилади. Намуна, модель ёки андазанинг нусхаси ишланаётган буюмга механиқ гидравлик, пневматик ёки электрик кузатиш тизими ёрдамида кўчирилади. Бу тизим намуна, модель ёки андаза контури (қиёфаси) бўйлаб юрадиган қабул қилувчи қурилма (датчик) дан, шу датчикнинг вазиятларини узатувчи кучайтиргичдан ва буюмга датчик кўчираётган нусха шаклида ишлов берадиган механизмни бошқарувчи сервомотордан иборат. Чизма нусхаси ишланаётган буюмга фотоэлектрик датчик ёрдамида кўчирилади.