АВТОМАТИК ТУТАШТИРИШ

АВТОМАТИК ТУТАШТИРИШ (космонавтикада) — космик аппаратлар орбитага алоҳида-алоҳида чиқарилгандан сўнг уларни автоматик усулда улаш. Космик аппаратларни орбитада таъмирлаш, космик ст-яларни орбитада йиғиш, ёнилғи, ёрдамчи жиҳоз ва ракеталар билан таъминлаш, авария ҳолатлари юз берганда космонавтларни қутқариш ва б. га имкон беради. Автоматик туташтириш техник жиҳатдан жуда мураккаб иш бўлиб, космик аппаратлар орбитага чиқарилганда уларнинг орбита текисликлари устма-уст тушишини, аппаратларнинг бир-бирига қаттиқ урилиб кетмаслигини, бир-бирига томон жуда аниқ ва оҳиста йўналтирилишини талаб қилади. Бу ишлар Ердаги махсус стялардан ёки космонавтнинг бошқариш пультидан бошқариб турилади. Дунёда биринчи марта 1967 й. 27 ва 30 окт. ларда учирилган Ер сунъий йўлдошлари — «Космос-186» ва «Космос-188» автоматик тарзда уланди. Улар уланган ҳолда 3 ярим соат давомида Ер атрофида икки марта айланиб чиққандан сўнг яна ажратилиб,-31 окт. да «Космос-186» Ерга қўндирилди. Кейинчалик «Союз», «Салют» ва америка «Аполлон» дастуридаги космик кемалар туташтирилди.