АВТОМАТИЗМ — 1) психологияда — инсоннинг онг назоратисиз бажарадиган ҳаракатлари. Автоматизм бирламчи ва иккиламчи бўлади. Нафас олиш, йўталиш, акса уриш каби ўз-ўзидан бўладиган ҳаракатлар бирламчи Автоматизм дир. Иккиламчи Автоматизм даставвал онгли ва мунтазам ҳаракатларни машқ қилиб такрорлаш натижасида пайдо бўлади (мас, юриш). Автоматизм малака ва одатларни яратади (қ. Шартли рефлекс).
2) физиологияда — орган ёки айрим ҳужайраларнинг ташқи сабабларга боғланмай ритмик, даврий ёки нодаврий ишлаш қобилияти (ҳатто организмдан ажратиб олинган юрак ва ичак қовузлоғининг қисқариши, баъзи эпителий ҳужайралари «киприклари»нинг ҳилпиллаши, ўсимлик ҳужайраларидаги протоплазма ҳаракати ва ҳ. к.).