АВТОМАТЛАР НАЗАРИЯСИ

АВТОМАТЛАР НАЗАРИЯСИ — назарий кибернетиканинг бир қисми; турли дискрет ахборотлар ўзгартиргичларини текширади. Абстракт (мавҳум) автомат ва автоматлар композицияси тушунчалари Автоматлар назариясининг асосий тушунчаларидир. Абстракт автомат тушунчаси қурилмани ахборотларни қайта ишлаш алгоритми нуқтаи назаридан, автоматлар композицияси тушунчаси эса унинг бошқа қурилмалардан қандай ясалганлиги нуқтаи назаридан тавсифлашга имкон беради. Автоматлар назарияси бир неча бўлимдан иборат. Дискрет қурилмалар ва ҳисоблаш машиналарини лойиҳалашда, алгоритмлар назариясида, мат. ва кибернетиканинг ҳоз. замон назариясида, программалаш назариясида Автоматлар назариясининг аҳамияти катта (қ. Автоматик бошқариш назарияси, Кибернетика).