АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН КУТУБХОНА

АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН КУТУБХОНА — ўзаро боғланган компьютерлашган автоматик тизим. Асосий вазифалари: кутубхонадаги барча китоблар, журналлар ва б. ҳужжатларни тўла қайд қилиш; классификатор бўйича индекслар қўйиш; библиографик қидириш; танлаб олинган кмтобларминг рефератларини кўриб чиқиш; кутубхонага аъзо бўлганларни рўйхатга олиш; буюртмаларни рўйхатлаштириш; каталог ва карточкаларни ҳамда қайта рўйхатга олиш варақаларини босмадан чиқариш, китобларни абонентларга бериш ва қабул қилишни қайд қилиш, муддатларни чўзиб бериш; молиявий ҳисоботлар; янги китобларни рўйхатга олиш ва ҳолатини кузатиш; марказлаштирилган буюртмалар бериш; кутубхонага тушган ҳужжатларни доимо кузатиб бориш ва б. А. к. да электрон каталогларни тузиш ва яратиш дастлабки қадам бўлиши зарур. Бу вазифаларни бажариш учун Автоматлаштирилган кутубхона маълумотлар базаси камида 1 млн. ёзма маълумотга мўлжалланган бўлиши керак.

Автоматлаштирилган кутубхонада бир-бири билан боғланган компьютерлар тизимидан фойдаланилади. Автоматлаштирилган кутубхонанинг ички компьютер тизими бошқа шаҳар ва давлатларнинг ўхшаш кутубхоналарига алоқа занжирлари орқали боғланади. Натижада янги ахборотларни тезкор усулларда узатиш, қабул қилиб олиш, сақлаш ва уларга ишлов бериш имкони мавжуд бўлади. Автоматлаштирилган кутубхонада электрон каталоглар; турли соҳаларга доир ахборот базалари ва банклари; электрон каталогларнинг босма кўринишида тайёрланган аналоглари; ҳар ойда ва йил чорагида чиқариладиган соҳалараро адабиётлар кўрсаткичи; махсус электрон журналлар ва б. ташкил қилинади.