АВТОМАТЛАШТИРИШ ТЕХНИКА ВОСИТАЛАРИ — турли жараёнларни автоматлаштиришга имкон берувчи асбоб ва қурилмалар. Вазифаси: а) технология жараёнидаги параметрларнинг ўзгариши ҳақида назорат сигналларини қабул қилиш, б) ахборотни узатиш, в) ахборотни ўзгартириш ва сақлаш, уни дастурдаги ахборот билан таққослаш ва буйруқ ахборотини тузиш (ахборотни ишлаб чиқиш), г) буйруқ ахборотини технологик жараёнга татбиқ қилиш. Назорат ахборотни қабул қилиш воситалари (асбоблар, қурилмалар, датчиклар) назорат қилинувчи параметр таъсирини сезувчи ва шу параметрни механиқ иссиқлик, оптик ва электр параметрларга айлантириб берувчи органлардан иборат. Ахборотни узатиш воситалари — алоқа линиялари. Датчиклардан чикадиган сигналлар алоқа линиялари орқали узатилади. Сигналларни узоқ масофага узатиш учун датчикдан чиқадиган сигналлар махсус ўзгартиргичлар ёрдамида узатишга мос шаклга келтирилади. Ахборотни ишлаб чиқиш воситалари — регистраторлар (қайд қилгичлар), сигнални ўзгартирувчи қурилмалар, ҳисоблаш жиҳозлари ва машиналари, бошқариш ва тақсимлаш қурилмалари, коммутация (ўзгартириш) ускуналари. Буйруқ (команда) ахборотини узатиш воситалари, асосан, назорат ахборотни узатиш воситаларига ўхшайди. Ахборотни технология жараёнига татбиқ этувчи қурилмалар — буйруқ сигналини кучайтирувчи, уни ижро этувчи элементлар ва ростловчи органлардан иборат.