АВТОМОБИЛЬ ДВИГАТЕЛИ — автомобилни ҳаракатга келтирувчи қурилма. Автомобиль двигатели 2,3,4 ва ундан ортиқ цилиндрли бўлиб, улар бир қатор ёки «V» тартибида жойлаштирилади. Замонавий автомобиллардан энг кенг тарқалгани поршенли ички ёнув двигатели. Иш жараёни бўйича икки тактли двигатель ва тўрт тактли двигателларга, ёнилғининг алангаланиши бўйича учқундан алангаланадиган карбюраторли двигателларга ва двигатель цилиндрларида ёнилғи ўз-ўзидан алангаланадиган дизель двигателларига бўлинади. Карбюраторли Автомобиль двигателида карбюраторда тайёрланадиган бензин буғлари билан ҳаво аралашмасидан иборат ёнилғи аралашмаси цилиндрларга узатилади. Дизель двигателларида цилиндрларда қисилган ҳавога юқори босимда дизель ёнилғиси пуркалади. Замонавий Автомобиль двигатели цилиндрлар блоки, кривошип-шатунли механизм, газ тақсимлаш механизми, совитиш тизими, мойлаш тизими, таъминлаш тизими (карбюраторли двигателда ёнувчи аралашма тайёрлаб, уни цилиндрларга киритади, дизелларда эса цилиндр ичига ёнилғини пуркайди), ўт олдириш тизими (карбюраторли двигателда)дан иборат. Замонавий енгил автомобилларнинг двигатели қуввати 15 — 310 кВт гача, юк автомобиллариники 220 кВт гача бўлади. Булардан ташқари роторли-поршенли, газ-турбинали двигателлар ҳам ишлатилади.