АВТОМОБИЛЬ САНОАТИ — машинасозликнинг бир тармоғи; автомобиллар, тиркама ва ярим тиркама юк ташиш мосламалари, автомобилларга эҳтиёт қисмлар, агрегатлар ишлаб чиқаради, шунингдек мотоцикллар, мо-тороллерлар, мопедлар, велосипедлар и. ч. корхоналари ҳам Автомобиль саноати таркибига киради. Автомобиль саноати 19-а охирида Франция, Германия, АҚШ, Буюк Британияда вужудга келди. 20-а. давомида бу саноат юқоридаги мамлакатлардан ташқари. Япония, Италия, Россия, Канада, Швеция ва б. мамлакатларда ҳам ривож топган. Дунёда ҳар йили ўрта ҳисобда 46—53 млн автомобиль ишлаб чиқарилади, шулардан юк автомобиллари 9—10 млн, автобуслар 1,4—1,7 млн, крлганлари енгил автомобиллар. Енгил автомобиллар ишлаб чиқаришда «Форд» (4,0), «Крайслер» (1,4) автомобиль монополиялари жаҳонда ишлаб чиқарилган жами енгил автомобилларнинг 23,6%ни ишлаб чиқаради, Япониянинг «Тойота» (3,6), «Хонда» (1,9), «Ниссан» (2,1) монополиялари, Германиянинг «Фолксваген» (2,0), «Опель» (1,7), Франциянинг «Рено» (1,6), Италиянинг «Фиат» (1,9) компаниялари енгил автомобиллар и. ч. да етакчилик қилади. 20-а. нинг 80-й. ларидан бошлаб автомобиль концернлари автомобиль сотиш бозорларида каттароқ жой эгаллаш, маҳсулот таннар-хини камайтириш ва сифатини юқори даражага кўтариш мақсадида халқаро концернларга бирлаша бошлашди. Мас, «Форд» концерни ўзига Япониянинг «Мазда», Англиянинг «Ягуар», Швециянинг «Вольво» концернларининг енгил автомобиллар ишлаб чиқарадиган бўлимларини киритди. «Фолксваген» Испаниянинг «Сеат», Германиянинг «Ауди», Чехиянинг «Шкода» концернлари билан бирлашди. Бу жараён ҳоз. кунгача давом этиб келмоқда.
Ўзбекистонда Автомобиль саноати 90-й. лар бошидан пайдо бўлди. 1992 й. ЎзРда Жанубий Кореянинг «ДЭУ» корпорацияси билан Асака ш. да йиллик лойиҳа қуввати 200 минг дона енгил автомобиллар («Дамас», «Тико», «Нексия») ишлаб чиқарадиган «ЎзДЭУ-авто», қўшма корхонаси барпо этилди. Асака автомобиль з-дида «Дамас» микроавтобусларини серияли ишлаб чиқариш 1996 й. мартдан йўлга қўйилди, 1996 й. 19 июлда з-днинг расмий очилиши ва халқаро тақдимоти ўтказилди. 1996—99 й. ларда «ЎзДЭУавто» қўшма корхонасида 200 мингдан ортиқ автомобиль, 1999 й. да жами 60 мингга яқин автомобиль ишлаб чиқарилди («Нексия» — 28259, «Тико» — 16380, «Дамас» — 13663 дона). Чет элга 14 мингдан ортиқ автомобиль экспорт қилинди. Шунингдек 1995 й. «Ўзавтосаноат» уюшмаси ва Туркиянинг «Коч холдинг» компанияси ўртасида имзоланган шартномага кўра, Самарқанд ш. да йиллик лойиҳа қуввати 5 минг донадан зиёд автобус ва турли юк машиналари и. ч. га мўлжалланган, умумий қиймати 65 млн. АҚШ долларига тенг «СамКочАвто» қўшма корхонасини бунёд этилди. Ўрта Осиёда автобус ва турли юк машиналари ишлаб чиқарадиган мазкур ягона корхонани ишга туширишга мўлжалланган расмий такдимот маросими 1999 й. 16 мартда бўлиб ўтди. Ҳозирча бу з-дда тайёрланаётган машиналар учун бутловчи ва эхтиёт қисмларнинг 25% Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда. Келгусида автомобиль қисмларини и. ч. тобора кенгайтирилади. Асака автомобиль з-дида ҳам дастлабки бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг 15% маҳаллий корхоналарда тайёрланган бўлса, 1999 й. га келиб бу кўрсаткич 55%га етди.
Республика автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш мақсадида ўнлаб қўшма корхоналар ташкил этилди. Улар Жан. кореялик шериклар иштирокида ташкил этилган з-длар: «ЎзкорамКо», «Ўз-Тонг Хонг», «Ўз-Донг Янг», «Ўз-Дон-гжу Пэинт Компани», «Ўз-Сам Янг» ва б.
1998 й. да «Ўзавтосаноат» уюшмаси Халқаро автотранспорт ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкилотларига аъзо этиб қабул қилинди.
Автозаводларнинг кўплаб дилерлари республика ичида ҳам, ундан ташқарида ҳам фаол ишламоқдалар. «Ўзавтотеххизмат» акциядорлик жамияти ва «Ўзбек-Лада» шулар жумласидандир. Автомобилларнинг янги моделларини яратиш мақсадида катта лойиҳалар устида ишлар олиб борилмоқда.
2000 йил бошида Сифатни стандартлаш бўйича халқаро ташкилот (ISOБМТнинг ташкилоти; 1946 й. да тузилган) «ЎзДЭУавто» компаниясида ишлаб чиқарилаётган автомобилларга халқаро сифат талабларига мувофиқлик сертификатини берди.
Бахтиёр Ҳасанов.