АВТОМОБИЛЬ СПОРТИ

АВТОМОБИЛЬ СПОРТИ, автомобиль пойгаси — спорт автомобиллари ва серия л и автомобилларда ўтказиладиган пойга, спорт тури. Биринчи автомобиль пойгаси 1894 й. 18 нояб. да Францияда Париж-Руан-Париж йўналиши бўйича 1200 км масофада ўтказилган. Қоидага мувофиқ тезлик чекланган (соатига 12,5 км) эди. Пойга айланма шосселар, тўғри шосселар, автодром, ипподром, велодром, стадионларда ўтказилади. Белгиланган масофада рекорд қўйиш учун махсус пойгалар ҳам ўтказилади. Пойгада қатнашадиган автомобилларнинг халқаро таснифи (асосий мезон — автомобиль русуми ва двигателнинг иш ҳажми) ва техника талаблари вақт-вақти билан ўзгариб туради. Чет элда хаҳон чемпионлиги учун айланма шосселарда ўтказиладиган автомобиль пойгалари ва Европа чемпионлиги учун ўтказиладиган авторалли асосий мусобақалар ҳисобланади. Халқаро автомобиль федерацияси (1904 й.) ташкил этилган. Жаҳон биринчилиги 1925 й. дан ўтказиб келинади. 1965 й. нояб. да америкалик пойгачи Крэг Бридлав реактив двигателли автомобилда соатига 966, 554 км тезликда йўл босиб мутлақ рекорд қўйди. Автомобиль спорти бўйича собиқ Иттифоқ биринчилигида Рига ш. да Ўзбекистон жамоаси 1978 й. да биринчи марта қатнашди. Ўзбекистон спортчиларидан Муроджон Қаюмов энг яхши натижа кўрсатди. 1996 й. Ўзбекистонда биринчи марта Пскент ш. яқинидаги «Ужний» автополигонда тезлик рекорди ўрнатилди. В. Е. Александров 100 км масофада ўртача 118 км/ соат тезликка эришди. 1997 й. шу жойда биринчи марта Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Ўзбекистонда Автомобиль спортининг 264 та секцияси бўлиб, 22395 киши спортнинг шу тури билан шуғулланади. 116 947 киши оммавий спорт разрядига эга, 41 нафар спорт усталигига номзод, 10 нафар спорт устаси бор (1997).

Каримжон Маҳкамжонов.