АВТОМОБИЛЬ ТРАНСПОРТИ

АВТОМОБИЛЬ ТРАНСПОРТИ — юк ва йўловчиларни рельссиз йўлларда ташишга мўлжалланган транспорт тури. Халқ хўжалигининг барча тармоқларида кенг фойдаланилади. Бажарадиган ишига қараб умумий фойдаланилмайдиган (айрим корхоналар, ташкилотлар учун хизмат қиладиган) Автомобиль транспорти ҳамда қайси ташкилотга мансублигидан қатъи назар йўловчи ва юк ташувчи умумий фойдаланишдаги Автомобиль транспортига бўлинади. Шунингдек шахсий фойдаланишдаги енгил ва юк автомобиллари, автобуслар ҳам мавжуд (қ. Автомобиль). Автомобилларнинг ҳар қандай йўлларда юра олиши, йўлни тез ўзгартира олиши, юк ортиш ва тушириш жойларига бевосита бора олиши, юк ҳамда йўловчиларни бир транспорт туридан иккинчисига ўтказмай ташишга имкон беради. Натижада йўловчи ва юк ташиш тезлашади. Автомобиль транспорти саноат ва қ. х., марказлашган тартибда халқаро, шаҳарлараро ва маҳаллий йўлларда ташишда қўлланилади. Автомобиль транспорти авиация, денгиз ва дарё транспорти, шунингдек т. й. транспорти билан узвий боғланган. Автомобиль транспорти унча узоқ бўлмаган масофалар учун фойдаланишда энг қулай транспорт тури ҳисобланади. Шу билан бирга бошқа транспорт турларида ташиш ноқулай бўлган юклар, хусусан, тез бузиладиган маҳсулотларни узоқ, масофаларга тез ва қулай етказиб беришда ҳам кўп фойдаланилади.

Автомобиль транспорти 19-а. охирида пайдо бўлди, 20-а. нинг 20-й. ларидан қисқа масофаларга юк ва йўловчи ташишда т. й. ва дарё транспорти билан рақобат қила бошлади. Автомобиль саноатининг ривожига қараб, тез суръатларда тараққий этди. Мамлакатлар автомобиль паркининг асосий қисми йирик ихтисослаштирилган юк ва йўловчи ташиш корхоналари ва бирлашмалари таркибига киради. Бу эса меҳнат унумдорлигини юқори суръатларда ўстириш ва Автомобиль транспорти воситаларидан самарали фойдаланишни таъминлайди.

Бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ташилган юкларнинг умумий ҳажмида Автомобиль транспорти ҳиссаси катта салмоққа эга. Буюк Британия, Франция, ГФР, Япония, Канада, Россияда Автомобиль транспорти тарақий этган. ва айрим шахларга тегишли бўлиб, жами автотранспорт воситаларининг 10% умумий фойдаланишдаги юк ташиш компанияларига тўғри келади.

Ўзбекистонда Автомобиль Транспорти 20-а. бошларида пайдо бўлди, унга қадар от-улов асосий транспорт воситаси бўлган. Дастлабки автобус катнови 1906 й. да ФарғонаМарғилон маршрутида йўлга қўйилган. Тошкентда биринчи автобус 1909 й. дек. да қатнай бошлади, 1910 й. чет элларда ишлаб чиқарилган 8 та кичик ва 1 та 40 ўринли автобус ишлади.

1921 й. да Автомобиль транспорти ихтиёрида 40 енгил ва 15 юк автомобили ҳамда Тошкент автомобиль таъмирлаш устахонаси бўлган. 30-й. ларда Автомобиль транспорти ривожланиши билан қаттиқ қопламали йўллар қурилиши бошланди, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш корхоналари, кадрлар тайёрлайдиган ўқув юртлари очилди. 1939 й. 25 июлда Ўзбекистон Автомобиль транспорти халқ комиссарлиги ташкил этилди. 50-й. ларда автотранспортда юк ва йўловчилар ташиш ўсди. 60—80-й. ларда республикада автотранспорт воситаларининг тур таркиби кўпайди. 1991 й. га қадар Ўзбекистон халқ хўжалигида асосан Россия («ЗИЛ», «Москвич» — Москва ш. ; «ГАЗ» юк ва «Волга» енгил автомобиллари — Нижний Новгород ш. ; «КамАЗ» — Набережние Челни ш. ; «Жигули» — Толятти ш. ; «УА З» — Ульяновск ш. ; «Урал» — Челябинск вил. Миасс ш. ; «ПАЗ» — Павлово ш.), Украина («ЛАЗ» — Львов ш. ; «КрАЗ» — Кременчук ш. ; «ЗАЗ» — Запорожье ш.), Белоруссия («МАЗ» — Минск ш. ; «БелАЗ» — Жодино ш.), Грузия («КАЗ» — Кутаиси ш.) республикаларида ишлаб чиқарилган юк ва енгил автомобиллари, автобуслари ишлатилди. ЎзРнинг юк машиналари саройларида вазифасига кўра ихтисослаштирилган (ўт ўчириш, ун, пахта, дон, қурилиш материалларини ташиш, санитария ва б.) автомобиллар бор. Республикада халқ хўжалигининг саноат, қ. х., қурилиш, сув хўжалиги, алоқа, савдо, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалиги, маданият, мудофаа ва б. тармоқларида ихтисослаштирилган йирик автотранспорт корхоналари мавжуд. Улар вазифасига кўра умумий фойдаланилмайдиган ички ишлаб чиқариш А. т. га киради.

ЎзР да йўловчилар ташишга мўлжалланган 14,7 минг автобус, 5 мингдан кўпроқ енгил такси машиналари ишлади. Республика бўйича 2892 автобус маршрутларида (жумладан 593 шаҳар, 1768 шаҳар атрофи, 532 шаҳарлараро, 142 халқаро) автобуслар қатнади. Автобуслар б-н хар куни 5 млн. га яқин йўловчи ташилади, 27автовокзал, 120 автостанция хизмат кўрсатади. Фақат шаҳарлардаги автобус маршрутларида турли маркадаги 3 мингга яқин автобус қатнайди (1999). 1996 й. да ЎзР да жами транспорт турлари юк оборотининг 28,9% А. т. ҳиссасига тўғри келди, юк обороти 8135,3 млн. ткм, ташилган юк 733,2 млн. т, 1т юк ташишнинг ўртача масофаси 10,1 км бўлди; автобусларда 22779 млн. йўловчи, енгил таксиларда 62,7 млн. йўловчи ташилди.

Ўзбекистон халқ хўжалиги тасарруфида турли мақсадлардаги ва маркадаги 199,7 минг юк автомобиллари (унинг 55 мингдан ортиқроғи ўзи ағдарувчи), 35,4 минг автобуслар, 45,9 минг енгил автомашиналар хизмат кўрсатади (1995).

90-й. лар бошидан аҳолига енгил автомобиллардан ташқари юк автомобиллари ҳамда автобусларни сотиб олишга рухсат берилиши натижасида шахсий автотранспорт сони ва тур таркибида ҳам жиддий ўсиш кузатилди. Республикада фуқароларнинг мулки бўлган ва мамлакатда ҳамда чет элларда ишлаб чиқарилган 788,2 минг енгил, 16,9 минг юк автомобиллари, 2,6 минг автобуслар, 419,1 минг мототранспорт (мотоцикл, мотороллер ва б.) воситалари бор (1995). 1996 й. да Ўзбекистоннинг ҳар 1000 аҳолисига 43 та енгил автомобиль тўғри келди (улардан 39 таси шахсий фойдаланишда).

Умумий фойдаланиладиган юк ва йўловчилар ташувчи Автомобиль транспортининг йирик корхоналари «Ўзавтотрано давлат-акциядорлик корлорацияси (1993) таркибига киради (республика юк автопаркининг 14%, автобус паркининг 46,8%; 1999).

Тармоқ корхоналари учун техник ходимлар 12 мутахассислик бўйича Тошкент автомобиль ва йўллар ин-ти (1972) да, Қўқон (1945), Нукус (1965), Бухоро (1969), Урганч (1981), Тошкент (1986) автомобиль ва йўллар техникумларида тайёрланади. Автомобиль транспортининг назарий-амалий масалалари, илғор технология ва фан ютуқлари тарғиботи «Ўзбекистон автотранспорти» жур. (1993; рус тилида), «Ўзбекистон автомобилчиси» (1990; ўзбек ва рус тилларида) газ. да ёритилади.

Бахтиёр Авазов.

Loading...