АВТОРАДИОГРАФИЯ

АВТОРАДИОГРАФИЯ, ауторадиография, радиоавтография — бирор объектда радиоактив моддаларнинг қандай тақсимланишини ўрганиш усули. Авторадиографияда текшириладиган объект юзига радиоактив моддаларнинг нурларини сезадиган фотоэмульсия берилади; объектдаги радиоактив моддалар доим нур чиқариб тургани учун фотоэмульсияни қорайтиради, гўё ўзини-ўзи суратга туширади (усулнинг номи ҳам шундан). Объектга фотоэмульсия беришнинг бир неча йўли бор: фото-эмульсияни суюлтириб, намуна юзига қуйиш ёки намуна сиртини силлиқлаб, унга фотопластинка бостириб қўйиш мумкин. Радиоактив моддаларнинг қандай тақсимлангани тўғрисида бир фикрга келиш учун фотоэмульсиянинг қанчалик қорайгани эталонга солиштириб кўрилади ёки фотоэмульсияга тушган нур излари оптик, электрон микроскопларда саналади. Радиоактив моддаларнинг намунада тақсимланишини кўрсатадиган фотографик тасвир авторадиограмма ёки радиоавтограмма деб аталади. Авторадиография физика ва техникада, биол. ва тиббиётда кенг қўлланилади. Авторадиография усули ҳар хил рудаларда радиоактив элементлар бор-йўқлигини, тоғ жинслари, металл қотишмаларида бу элементлар қандай тақсимланишини, табиий радиоактив элементларнинг тана тўқималарида қандай тарқалишини билиб олишга ёрдам беради. Радиоактив изотоплар билан нишонланган бирикмаларни организмга юбориш ва тўқима ҳамда ҳужайраларни кейин Авторадиография усули билан текшириш тегишли жараёнларнинг қайси ҳужайралар ёки ҳужайра тузилмаларида бўлиб ўтишини, бирор хил моддаларнинг қандай тузилмаларга жо бўлишини аниқлашга имкон беради ва ҳ. к. (қ. Радиография).