АВТОТЕБРАНИШЛАР

АВТОТЕБРАНИШЛАР — бирор тизимда ташқи таъсир иштирокисиз юзага келадиган сўнмас тебранишлар. Бунда тебранишлар амплитудаси ва даври шу тизимнинг ўз хусусиятлари билан аниқланади. Автотебранишлар шу хусусияти билан амплитудаси ва даври ташқи таъсирга боғлиқ бўлган мажбурий тебранишлардан фарқ қилади. Автотебранишлар вужудга келадиган тизимлар автотебранма тизимлар дейилади. Кўпчилик ҳолларда автотебранма тизимлар 3 асосий элемент: тебранма тизим, тебранишларни сўндирмаслик учун энергия манбаи ва манбадан тебранма тизимга энергия узатилишини бошқарувчи қурилмадан ташкил топади. Мас, соатларда бу 3 элемент — маятник, сиқилган спирал пружина ва анкерли механизмдир. Автотебранишларга спирал пружина энергияси ёки кўтарилган юк энергияси ҳисобига ишлайдиган соатлар маятнигининг тебраниши, лампали генератордаги электр токи тебранишлари ва б. мисол бўла олади.