АВТОТРОФЛАР

АВТОТРОФЛАР, автотроф организмлар (юн. autos — ўзи, trophe — озиқ, озиқланиш) — фотосинтез, фоторедукция ва хемосинтез жараёнлари туфайли ноорганик моддалардан ўз ҳаёти учун зарур органик моддалар тайёрлаб олиш қобилиятига эга организмлар. Автотрофларга деярли ҳамма юксак ўсимликлар (паразит ва сапрофит ўсимликлардан ташқари), барча сувўтлар ва айрим бактериялар киради. Фотосинтетик ўсимликларнинг хлорофилл пигментини сақлаш ва яшил тусли бўлиши уларга хос белгидир. Улар карбонат кислоталар, сув ва минерал элементлардан органик моддаларни синтез қилишда Қуёш энергиясидан фойдаланади. Водород манбаи сифатида унинг турли хил бирикмалари (водород сульфид, углеводородлар ва б.)дан фойдаланадиган айрим бактериялар (тўқ қизил бактериялар, яшил олтингугурт бактериялар, тўқ қизил олтингугуртмас бактериялар) фотосинтез жараёни — фоторедукцияда иштирок этади. Автотроф бактериялар, яъни хемосинтетиклар айрим кимёвий реакцияларда юзага келган энергиядан фойдаланиб, минерал бирикмалардан органик моддалар синтез қилади (хемосинтез). Буларга темир бактериялар киради; айниқса ўз ҳаёт фаолияти билан тупроқ ҳосилдорлиги учун катта аҳамиятга эга бўлган нитрификация жараёнини таъминлайдиган нитрификацияловчи бактериялар муҳим ўринни эгаллайди (яна қ. Гетеротроф организмлар).

Loading...