АВВАЛ НЕФТЬ КОНЛАРИ — Фарғона вилоятидаги конлар, Фарғона ш. дан 15 км жан. да. Аввал нефть конлари ғарбдан шарққа чўзилган антиклиналь букилмада бўлиб, 1953—54 й. ларда электроразведка усули билан очилган. 1955 й. да бошланган қидирув ишлари натижасида июнь ойида 5 – горизонтдан бир кечакундузда 40 т. га яқин нефть олинадиган қудуқ кавланган. 1954 й. да асосий Аввал букилмасининг шарқида янги букилма — Шарқий Аввал букилмаси аниқланди. Бу букилмаларнинг тузилишида палеоген (қалинлиги 250 м) ва неоген (700 м) ётқизиқлари мавжуд. Аввал нефть конларида нефть асосан 5 – горизонтда бўлиб, 6 – ва 7 – горизонтларда жуда ҳам оз учрайди. 5 – горизонт палеогеннинг Туркистон яруси ётқизиқларидаги дарзли оҳактош ҳамда қумтош қатламларидан иборат. Нефть букилманинг шарқий қисмида тўпланган бўлиб, ғарбда узилма билан чегараланади. Нефть билан бирга газ ҳам олинади.