АХСИКАТ

АХСИКАТ — қад. шаҳар харобаси. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган. Тарихий маълумотларга қараганда, Ахсикат шаҳри мил. ав. 3 — 2-а. ларда вужудга келган, 9 — 10 – а. ларда Фарғона водийсининг пойтахти бўлган. 1219 й. мўғуллар томонидан бутунлай вайрон қилинган. Ахсикатнинг эски ўрнидан 5 — 7 км ғарбда бунёд этилган янги шаҳар — Ахси 14 — 17-а. ларга оиддир. Ахсикатни археологик жиҳатдан ўрганиш ишлари 19-а. охирлари —20 – а. бошларидан бошланган. 1885 й. Н. И. Веселовскип, 1914 й. И. А. Кастанье қазиш ва қидирув ишлари олиб борган. Шўролар даврида М. Е. Массой (1939) ва А. Н. Бернштам (1948)лар текширганлар. Археологик тадқиқотлар натижасида Ахсикат арк, шаҳристон ва рабоддан иборат бўлганлиги, шаҳарнинг уч қисми ҳам алоҳида деворлар билан ўралганлиги, аркда ҳоким саройи, зиндон, шаҳристонда ички бозор, жоме масжиди, пишиқ ғиштдан ишланган ҳовуз ва ариқлар, рабодда ҳунармандлар маҳаллалари ва ташқи бозор мавжуд бўлганлиги аниқланган. Ахсикат Наманган ўлкашунослик музейи ходимлари томонидан ҳам ўрганилган (1957-59). 1960 й. Ўзбекистон ФА Тарих ва археология ин-ти уюштирган махсус экспедиция А. рабодидан 11 – а. га оид кўҳна ҳаммом ўрнини очган. У ердан сопол идиш, қувур, чақа танга ва шиша буюмлар топилган. Бундан ташқари, Ахсикат харобаларидан ғарброкда ўрта асрларга оид яна бир шаҳар харобалари борлиги аниқланган. Акад. Я. F. Ғуломов ва археолог И. Аҳроров мазкур тадқиқотлар асосида бу ерда турли даврларга оид иккита шаҳар бўлганлигини, улардан бири қад. Ахсикат ва иккинчиси Бобур туғилган Ахси эканлигини биринчи бўлиб исботладилар. 1967 й. рассом И. А. Смирнов А. харобаларидан йиғиб жамлаган сопол идиш, жез буюм ва зеб-зийнатлар мажмуасини Москвадаги Шарқ халқлари давлат музейига тақдим этган. Ахсикат ёдгорлиги ўзбек халқи маданияти тарихида муҳим ўрин тутганлиги учун 1950 й. дан давлат муҳофазасига олинган.