АЙҒИР — вояга етган от. Айғир биядан кўра секинроқ ўсиб, кечроқ вояга етади. Айғирнинг қарчиғайи бияникига нисбатан 2—3 см баланд, вазни оғир, оёқлари узун ва пишиқ, калласи катта, гавдаси ихчамроқ. Наслдор Айғирлар йилқининг сифатини яхшилашда катта аҳамиятга эга. Наслчилик ишлари учун Айғир танлашда уларнинг ишчанлиги (чопиш ёки юк тортиш қобилияти), жинсий фаоллиги, тана тузилиши ва аждодининг сифатлари эътиборга олинади. Агар бирор Айғирдан бола олинган бўлса, ўша Айғир наслининг сифатига қараб ҳам баҳоланади. Кўпчилик А. лардан наслчилик ишларида ғунанлигидан бошлаб фойдаланилади. Айғир бир мавсумда уюрга қўйиш усули қўлланганда 25 бияни, қўлда қочириш усули қўлланганда 50 бияни қочиради. Сунъий уруғлантириш усули қўлланганда, ҳар бир А. нинг мавсумда берган пушти 500 бияни қочиришга етади.