АЙМОҚЛАР — Афғонистон ва Ўзбекистонда яшовчи бир қанча туркий қабила, уруғларнинг умумий номи. 15—16-а. ларда Фарғона водийсида, ҳоз. Қашқадарё вилоятида яшаган. Асрлар ўтиши билан Ўзбекистон ҳудудидаги Аймоқлар ўзбеклар таркибига кириб, ўз қабила, уруғ номларини йўқотган, фақат буларнинг бир қисми Қашқадарё вилоятида ўз қабила номларини (аймоқ) сақлаб келган. Афғонистонда яшаган Аймоқлар таркибига форстожик тилларида гапирувчи бир қанча қабила, уруғлар киради. Ҳоз. вақтда Аймоқлар — Афғонистоннинг шим.-ғарбида яшовчи кўчманчи ва ярим кўчманчи (фирузкўҳи, тайман, жамшид, таймурлар) туркий ва тожик тилларида гапирувчи халқларнинг номидир.
А. Афғонистон, Ўзбекистондан ташқари Эронда ҳам яшайдилар (улар тайман гуруҳига мансуб бўлиб, умумий сони 0,6 млн. киши). Аймоқлар ислом динида бўлиб, бир қисми сунний, бир қисми шиа мазҳабида (яна қ. Чораймоқлар).