АЙНИЙ СУРИЛМАСИ — 1964 й. 24 апр. Тошкент вақти билан соат 13 дан 30 мин. ўтганда Зарафшон дарёсининг юқори оқимида, Тожикистондаги Айний (собиқ Заҳматобод) қишлоғидан 1 км юқорида (Самарқанд ш. дан 140 км шарқда) тоғ жинсларининг сурилиши натижасида вужудга келган табиий тўғон. Тўғоннинг бал. 130—150 м, уз. 750 м, эни 1000 м. Тўғон майдаланган сланец, қумтош, оҳактошлар, харсанг тошлар, қумоқ ва лой аралашмасидан иборат бўлган. Зарафшон дарёсида бундай катта табиий тўғонлар авваллари ҳам бўлиб турган. Чунончи, 1888 й. янв. ойи ўрталарида ҳоз. Айнийдан 8 км юқоридаги Сангистон қишлоғи рўпарасида Зарафшон дарёси тўғон билан тўсилган. Тўғонни очиш учун қарийб 1000 киши 2 ойдан кўп уриниб сувга кичкина йўл очишган. Бирок уз. 15—20 км келадиган кўл суви тўғонни уриб, дарё бўйидаги кўп қишлоқларни ювиб кетган. Бундан ташқари, Айний табиий тўғони бўлган жойда ва ундан 20—25 км юқорида (Зарафшон дарёси бўйида) сурилиш излари сақланиб қолган. Айний тўғонининг пайдо бўлишига қуйидагилар сабаб бўлган: ёмғир ва қор сувлари бир неча йиллар тоғ жинслари орасига сингиб келган, натижада бўш жинслар ўз тагидаги қаттиқ жинслардан ажрала бошлаган. 1964 й. апр. да бошқа йиллардаги ўртача 50 мм ўрнига уч мартадан ҳам ортиқроқ ёғин тушди. Бу ҳам сурилма қодисасини тезлаштирди. Қулаган ён бағирнинг юқори қисмидаги булоқ сувлари ҳам сурилма содир бўлишига сабаб бўлган. Айний қишлоғидаги сурилма нишонлари 1961 й. даёқ сезилабошлаган эди. 1961 й. баҳорида Зарафшон ўзанидан 700— 750 м бал. да ёриқ пайдо бўлиб, аста-секин кенгая борган. 1964 й. 24 апр. куни Самарқанд сейсмик ст-яси Тошкент вақти билан соат 13 дан 15 мин. ўтганда 4 балли зилзила бўлганлигини қайд қилган. Тўғон ҳосил бўлгандан сўнг Зарафшон ирмоқлари — Фондарё билан Мастчохдарё суви бутунлай тўсилиб, ҳосил бўлган кўл суви сатҳи кунига 3—5 м дан кўтарила борган. Зудлик билан тўғон очиб юборилмаса, тўғонни сув уриб кўп ерларни сув босиб кетиш хавфи туғилди. Хавфни бартараф этиш мақсадида тўғоннинг шим. қисмида дарёнинг қад. террасаси бўйлаб тўғонни қирқиб канал очишга киришилди. Канал Зарафшон дарёсининг ўнг қирғоғидан бошланди. Айний кўли сувини аста-секинлик билан оқизиб юбориш энг зарур шартлардан бири эди. 6 май куни тайёр бўлган каналдан дастлаб 2 м3/сек., 9 майга бориб 800 м3 сек. сув туша бошлади. 8 майда кўл сатҳи энг юқори даражага кўтарилди (чуқ. 72 м, сув ҳажми 90 млн. м3). Канал ювилиш натижасида эни 100—160 м га етди. Кўлдаги сув ҳажми қарийб 4 марта камайди.