АЙРИТОМ

АЙРИТОМ — ўзбек халқининг қадимий тарихи ва маданиятидан гувоҳлик берувчи кўҳна шаҳар харобаси. Термиз ш. дан 18 км шарқда, Амударё қирғоғида жойлашган. Дастлаб Айритом яқинида Амударё тубидан одам ҳайкалчалари ишланган фриз (пирамон) парчалари топилган (1932), 1933 й. М. Е. Массон раҳбарлигидаги Термиз археология комплекс экспедицияси Айритомда қазиш ишлари олиб бориб, яна 7 та фриз бўлаклари ҳамда будда ибодатхонаси харобасини топган. Фризлар 1—2 – а. ларга оид бўлиб, уларда қўшнай, чилтор, уд, ноғора чалаётган созандалар ва гулчамбарлар, мева солинган идишлар кўтариб олган йигит-қизлар ифодаланган. Бундан ташқари А. дан мил. ав. 2 – а. охири ва мил. 4 – а. ларга оид иккита қабр топилиб, уларнинг биридан қурол-яроғлари билан бирга дафн қилинган жангчининг, иккинчисидан идиш-товоқлар ҳамда зеб-зийнатлари б-н кўмилган аёлнинг скелетлари чиққан. 1963—66 й. ларда Айритомда Ўзбекистон санъатшунослик экспедицияси (Б. Турғунов) ҳам қазиш ишлари олиб борган. Деворларининг калинлиги 1,5 м, бал. 2—2,5 м бўлган 15 га яқин эшик ва деразасиз хоналар (диний маросимлар ўтказилган хоналар) топилган. Хоналарга юқоридан махсус зиналар орқали тушилган. 1978 й. да олиб борилган қазилмада юнон алифбосида 6 қатор қилиб битилган ёзуви бор ҳайкал тагкурсиси топилган. Айритом моддий-маданий ёдгорликлари ўзбек халқининг кушонлар давридаги тарихини маданий меросини, урф-одатларини ва б. ўрганишда катта аҳамиятга эга.

Prev Article

АЙНЛИ

Next Article

АЙЮБ