АЗИМОВ

АЗИМОВ Абдуваҳоб (1897.7.9 — Андижон — 1964.1.2) — актёр ва реж. Ўзбекистон халқ артисти (1939). Ҳамза б-н бирга Андижон театрини ташкил қилишда қатнашган. Труппанинг ташкилий даврида Ҳамзанинг «Бой ила хизматчи», «Фарғона фожиаси» спектаклларида режиссёрлик ва актёрлик қилган. Андижон театрида актёр, реж. (1919-34, 1939, 1946-58), Ҳамза театрида актёр (1934—35), Олмаота уйғур мусиқали драма театрида (1936—38), Андижон мусиқали драма театрида (1942—46) бадиий раҳбар. Азимов яратган Солиҳбой (Ҳамза, «Бой ила хизматчи»), табиб (F. Зафарий, «Ҳалима»), Мажидиддин (Уйғун, И. Султон, «Алишер Навоий») ва б. образлари алоҳида ажралиб туради. Азимов ҳажвий характерли ролларни зўр маҳорат билан ўйнаган. Муболаға, мимика ва саҳна нутқи воситаларидан усталик б-н фойдаланган. Реж. сифатида «Тоҳир ва Зуҳра» (Собир Абдулла, 1941), «Нурхон» (К. Яшин, 1942) каби асарларни саҳналаштирган. Азимовнинг Наманган ва Ўш театрларини, Андижон уйғур театрини ташкил этишда ҳам ҳиссаси бор. У Тошкентдаги Муқимий номли мусиқали драма ва комедия театрининг ташкилотчиларидан бири бўлган.

Loading...