АЗИЗ НЕСИН (тахаллуси; асл исми Маҳмуд Нусрат) (1915, Истанбул — 1995, Измир; Истанбулда дафн этилган) — турк ҳажвий ёзувчиси, драматург, Нафис санъат академияси (Истанбулда ўқиган (ҳарбий маълумотга ҳам эга). «Марко пошо» (1946) тараққийпарвар ҳажвий газ. ва б. матбуот органларида ишлаган. «Нуҳ кемаси» (1949) ҳажвий жур. нашр этган. Кўплаб ҳажвий ҳикоя, поэма ва романлар муаллифи, сиёсий ва ижтимоий ҳажв устаси. «Жиннилар озод бўлди», «Ишбилармон одам», «Нозиқ ва нафис», «Худога шукур» ва б. асарлари сиёсий ўткир ва долзарб. Уларда ёзувчи жамият иллатларини фош қилади, кулгили вазият, хусусият ва ҳолатлар орқали кишиларни беихтиёр ўз нуқсонларидан кулишга мажбур этади. Азиз Несин асарларининг қаҳрамонлари — иш ахтаравериб безор бўлган майда амалдор, омадсиз зиёли ва қашшоқ ишчи («Яшасин камбағаллик», «Майдон соатлари», «Хотин киши бўлганимда-ю…» ва б.). «Шундай бўлди, бундай бўлмайди» автобиографик қиссаси, «Азизнома» ҳажвий шеърлар ва «Мамлакатлардан бирида» ҳажвий ҳикоялар тўпламлари мавжуд. Ҳажвчи ёзувчилар халқаро танловларида «Дафна чамбари» олган (1956, 1957). Ўзбекистонда бўлиб ўтган Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг Тошкент анжуманлари иштирокчиси.
Асарлари ўзбек («Мушт кетди», 1966; «Хуштак афандим», 1969; «Футбол қироли», 1978 ва ҳ. к.) ва б. тилларда нашр қилинган.