АЗКАМАР — Зиёвуддин тоғларининг жан.-ғарбий қисмидаги плато. Шим.-да Малик чўли (Қизилтепа платоси), жан. да Қарноб чўли билан туташган. Мутлақ бал. 300—350 м. А. неогеннинг оқчагил ва апшерон яруслари (косонтов, садивар свиталари)нинг алевролит, гил ва улар орасидаги қумтош ва гравелитлардан (1—3 м) ташкил топган. Азкамарнинг юзаси қуйи тўртламчи даврнинг аллювиал-пролювиал жинслари (Азкамар мажмуаси)дан тузилган. Азкамарнинг шим. ён бағри қияроқ, жан. эса тик, сувайирғич қисмида эгарсимон ботиқ бўлиб, ён бағирларида куэстасимон шаклда жарликлар ҳосил бўлган. Азкамарнинг шарқий қисми — Зиёвуддин тоғларига туташган жой рельефи жуда ўйдим-чуқур. Азкамарда шўртоб бўз қўнғир тупроқлар тарқалган, оқжусан ўсади. Азкамар яйловларида қоракўл қўйлари боқилади.