АЗОЛА

АЗОЛА (Azolla) — қирққулоқдошлар оиласига мансуб, сувда ўсадиган, спорали кўп йиллик ўсимликлар туркуми. Сув остида ён илдизлари, сув устида қалин баргчалари бўлади. Азоланинг 6 та тури бор. Қазилма турларининг сони 50 га яқин. Азоланинг баъзилари ҳоз. Жан. Америка, Африка, Жан.-Шарқий Осиё ва Австралиянинг тропик жойларида кенг тарқалган. Азоланинг қазилма қолдиқлари (спораси, баргининг излари ва мегаспораси) бўр давридан плейстоцен давригача бўлган қатламларда учрайди. Мас, улар Ғарбий Қозоғистонда бўр, Ҳиндистонда эоцен, Устюрт ва Қозоғистонда олигоцен даврларига мансуб қатламлардан топилган. Азола турлари азотга эга бўлганлиги туфайли ундан тупроқнинг унумдорлигини оширишда фойдаланилади.