АЗОР АНТИЦИКЛОНИ

АЗОР АНТИЦИКЛОНИ — Атлантика океанининг Шим. ярим шардаги субтропик ва тропик қисми устидаги юқори атмосфера босими области. Маркази — 35-параллелда, Азор о. лари яқинида. Азор антициклонининг бир тармоғи қишда Сахрои Кабирга, езда эса Ўрта денгизга ва Жан. Европага кириб боради. Азор антициклонининг марказида босим янв. да 1022 мб дан юқори, июлда 1025 мб дан зиёд. Азор антициклони океаннинг шу қисмида бутун йил давомида циклонларга нисбатан антициклонларнинг кўп бўлиб туришидан вужудга келади. Азор антициклони Шим. Тинч океан антициклони билан Шим. ярим шардаги денгиз тропик ҳаво массаларининг маркази ҳисобланади. Бу ҳаво массаларининг Атлантика қутбий фронтида қутб ҳаво массалари билан ўзаро тўқнашиши натижасида океан устида кўплаб циклонлар вужудга келади, бу эса Европа об-ҳавоси ва иқлимига катта таъсир кўрсатади. Азор антициклонининг ички қисмида булут кам, ҳаво қуруқ бўлади. Азор антициклонининг анча қуйи кенгликларида, экваторга яқин жойларида Шим. Атлантика пассат шамоллари эсиб туради.

Prev Article

АЗОБЎЁҚЛАР

Next Article

АИД