АЗОТ (лот. Nitrogenium) , N — Менделеев даврий системасининг V гуруҳига мансуб кимёвий элемент. Тартиб раками 7, ат. м. 14,0067. Ер пўстининг оғирлик жиҳатидан 0,01% ини ташкил этади. Ҳавода эркин ҳолда бўлади (ҳавонинг оғирлик жихатидан 75,6%; ҳажм жиҳатидан 78,9% А. дан иборат). Тупроқда турли минераллар ва органик бирикмалар таркибига кирган ҳолда учрайди; мас, у натрийли селитра (NaNO,) ва калийли селитра (K. NO,) таркибида бўлади, тошкўмирда 1 — 1,25%, нефтда 1,5%, оқсил моддаларда 17%, одам танасида 3% гача бўлиши мумкин. Азотни биринчи марта 1772 й. да Резерфорд ажратиб олган. Иккита барқарор изотопи бор: 14N (99,635%) ва 1SN (0,365%); радиоактив сунъий изотоплари ҳам бор, булардан энг узоқ, мавжуд бўладигани 13N дир (ярим емирилиш даври 10,08 мин.). Саноатда суюлтирилган ҳавони парчалаб олинади. Азот — рангсиз, ҳидсиз газ; қайнаш т-раси – 195,8°, суюкланиш т-раси — 209,86°, 1л Азот 1,2506 г; 1 л сувда (0° да) 23,3 мл эрийди. Одатдаги шароитда Азот ниҳоятда пассив, фақат литий билан бирикиши мумкин; бошқа элементлар б-н қиздирилганда, босим таъсирида ва катализаторлар иштирокидагина бирика олади. Водород билан бирикиб, аммиак, гидразин ва б., кислород билан оксидлар, металлар билан нитридлар ҳосил қилади. Азот ўсимликлар учун асосий «озиқ»лардан биридир. Минерал ва органик бирикмалари тупроққа ёғин-сочин билан ёки ўғит сифатида тушади. Эркин Азот аммиак синтезида, баъзи кимёвий реакцияларда инерт муҳит ҳосил қилувчи сифатида, симобли термометрлардаги бўшлиқни тўлдиришда, ёнувчан суюқликларни бир идишдан иккинчи идишга ҳайдашда ва б. мақсадларда ишлатилади. Суюқ Азотдан паст т-ра билан боғлиқ бўлган ишларда (криостатлар, вакуум қурилмалар ва б. да) фойдаланилади. Азотнинг табиий бирикмалари аммоний хлорид ва турли нитратлар (селитралар)дан иборат. Ўрта Осиёнинг қуруқ чўл иқлимида кўп миқдорда селитра тўпланади. Азот оқсиллар, нуклеин кислоталар, хлорофилл ва ферментларнинг ажралмас таркибий қисми бўлганлигидан ўсимликлар ҳаёт фаолиятида асосий аҳамиятга эга. Ўсимликлар тупроқдаги азотли моддаларни ўзлаштириб, улардан оқсил ҳосил қилади. Ҳаводаги эркин Азотни Азот бирикмаларига айлантирувчи микроорганизмлар туфайли тупроқда анча миқдорда Азот тўпланади. У тупроқда асосан тўрт хил бирикма ҳолида: чиринди (гумус) азоти, аммоний тузлари, нитратлар (NO3), оқсил органик азоти (тўлиқ парчаланмаган ўсимлик қолдиқлари) ва уларнинг ўзгариш маҳсулотлари — аминокислоталар, пептидлар, амидлар ва аминлар ҳолида мавжуд бўлади. Азотни тупроқдаги органик бирикмаларини эрувчанлиги бўйича уч гуруҳга: сувда эрийдиган, суюлтирилган кислота билан гидролизланганда эритмага ўтувчи ва суюлтирилган кислота билан гидролизланганда эримайдиган гуруҳга бўлиш мумкин. Эримайдиган гуруҳга мансуб бўлган Азот кам ҳаракатчан ва ўсимликларга яхши сингмайди. Ўрта Осиёнинг айрим тупроқлари таркибидаги умумий Азотнинг тахминий миқдори: оч тусли бўз тупроқлар (ҳайдалма қатлам)да — 0,04—0,07%, кўпдан бери суғорилиб келинаётган типик бўз тупроқларда — 0,10—0,15% ва тўқтусли ўтлоқ тупроқларда — 0,20—0,50%. Ўрта Осиёнинг суғориладиган деҳқончилик минтақаларида юқори ҳосил олиш учун тупроқда Азот заҳираси етарли эмас, шунинг учун бу ерларда азотли ўғитлар қўлланилади. Ўсимликлардаги Азотнинг кўп қисми оқсил моддалари ҳолида бўлади. Турли уруғлар оқсили таркибидаги Азот миқдори 16,5—17,5% ни ташкил қилади. Ғўза-беда алмашлаб экишда беда эқилган ҳар гектар ерда биол. Азотга бой 20 т гача органик модда ҳосил бўлади; ундаги биол. Азот миқдори 400 — 600 кг/ га. Азотдан ўғитлар ишлаб чиқаришда, кўпчилик саноат соҳалари, жумладан, металлургиядаги турли кимёвий жараёнларда инерт муҳит сифатида фойдаланилади.
Қудрат Ахмеров.