АЗОТФИКСАЦИЯ

АЗОТФИКСАЦИЯ, азот тўплаш — микроорганизмларнинг молекуляр азотни ўзлаштириб, ундан азотли бирикмалар ҳосил қилиш жараёни. Асосий азот тўпловчи микроорганизмлар туганак бактериялардир. Уларга дуккаклиларда ва б. ўсимликлар билан симбиоз яшаб, атмосфера азотини ўзлаштирувчи бактериялар ҳамда кўк-яшил сувўтлар, азотобактер, актиномицетлар, клостридиялар вакиллари ва б. тупроқ бактерияларидан иборат эркин яшовчи микроорганизмлар киради. Молекуляр азотни биологик ўзлаштирувчилардан рационал фойдаланиш ҳосилни оширишга ва минерал ўғитлардан тежамли фойдаланишга имконият яратади.

Француз олими Ж. Буссенго юксак ўсимликлар, мас, дуккаклилар билан симбиоз ҳолатда яшовчи азот тўпловчилар устида биринчи аниқ тажрибалар ўтказган (1838). Инглиз олимлари Г. Гельригер ва Г. Вильфарт ўз илмий ишларида дуккакли ўсимликлар илди-зидаги сўгалсимон ўсимталар билан ўсимликнинг эркин азотни тўплаши ўртасида боғлиқлик борлигини исботлаб бердилар (1888). 1866 й. да рус олими М. С. Воронин туганак тўқималаридаги микроскоп таначаларни тавсифлаб берган. Голланд микробиологи М. Бейеринк 1888 й. да туганак бактерияларни тоза ҳолда ажратиб олган. У туганак бактериялар молекуляр азотни ўзлаштириб, туганаклар ҳосил қилишини асослаб берди. Рус олими С. Н. Виноградский 1893 й. да биринчи бўлиб азот тўпловчиларни тоза ҳолда ажратиб олишга муваффақ бўлди. Бу Clostridium pasteurianum деб аталган спора ҳосил қилувчи анаэроб таёқчалар эди (қ. Анаэроблар). М. Бейеринк 1901 й. да молекуляр азотни ўзлаштириш қобилиятига эга бўлган аэроб бактерия — Azotobacter ни кашф қилади (қ. Аэроблар).

Тоза бактериялар газсимон азотни ўзлаштирмайди. Бу жараён фақат юксак ўсимликлар билан симбиоз ҳолатда юз беради. Бактериялар ўсимлик синтез қилган органик бирикмалар б-н, ўсимликлар эса ўз навбатида туганаклардаги боғланган азот бирикмалари билан озиқданади. Богланган азот туганаклардан аминокислота шаклида ўсимликнинг ер устки қисмига ўтади. Ўзлаштирилган азотнинг бир қисми илдиз орқали тупроққа ўтади. Унумли азот тўпланишини таъминловчи дуккакли ўсимликлар билан туганакли бактериялар ўртасидаги муносабат маълум тадбирлар мажмуаси (оптимал намлик, яхши аэрация, т-ра, рН, ҳаракатчан фосфор, калий, микроэлементларнинг бўлиши ва б.) ёрдамида амалга ошади. Ғўзабеда алмашлаб экишда беда туганак бактериялари ҳар гектарда 100—150 кг азот тўплайди.

Эргаш Зиямуҳамедов.