АЗОТЛИ ЎҒИТЛАР

АЗОТЛИ ЎҒИТЛАР — таркибида азот бўлган ва ўсимликларнинг азот билан озиқланиш манбаи сифатида қўлланиладиган органик ҳамда анорганик моддалар, ўсимликларни азот билан озиқлантириш манбаи. Азотли ўғитлар 1914—18 й. ларда аммиакни ҳаводаги азот ва водороддан синтезлаш саноат миқёсида ўзлаштирилганидан кейин кимё саноатида ишлаб чиқарилди. Ўзбекистонда биринчи марта Чирчиқ электр кимё ктида 1940 й. да ишлаб чиқарилган. Фарғона азотли ўғитлар з-ди, Навоий кимё к-тида асосий турдаги Азотли ўғитлар ишлаб чиқарилади. ЎзР кимё саноатининг Азотли ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича йиллик қуввати 2,8 млн. т (1995 й. да 1012,1 минг т А. у. ишлаб чикарилди; 100% озиқ-модда ҳисобида). Азотли ўғитлар органик (гўнг, торф, компост), минерал (аммиакли селитра, аммоний сульфат, мочевина ва сувли аммиак) ҳамда кўкат ўғитлар (люпиннинг кўк массаси, сераделла ва б.)га бўлинади. Азотли ўғитларни и. ч. да аммиак ва нитрат кислота асосий хом ашё бўлиб хизмат қилади. Азотли ўғитлар ноқоратупроқ зонада, ўрмонли дашт зонанинг нам жойлари ва суғориладиган деҳқончилик зонасида қ. х. ўсимликлари ҳосилдорлигини оширишда энг яхши восита ҳисобланади. Ўсимликлар кўпинча азотнинг минерал бирикмаларидан, асосан, нитрат ва аммоний тузларини узлаштиради. Минерал Азотли ўғитларда азот аммиакли, аммиакли-нитратли, нитратли ва амидли кўринишларда бўлиши мумкин. Бу ўғитлар таркибидаги азотни ўсимликлар осон узлаштиради ва унинг таъсири тез билинади. Суғорма деҳқончилик минтақасида қўлланиладиган Азотли ўғитларнинг асосий миқдорини аммиакли селитра ва мочевина ташкил этади.

Аммиакли ўғитларга (азот NH3 шаклида) аммоний сульфат, аммоний хлорид, аммоний бикарбонат, сувсиз аммиак, сувли аммиак, аммиакатлар киради. Аммоний сульфат таркибидаги аммиакли азот тупроққа ютилмайдиган нитрат ҳолидаги азотга нисбатан тупроқда яхши ушланиб, камроқ ювилиб кетади.

Аммиакли – нитратли ўғитлар (азот NH3 ва NO3 шаклида) — буларга аммиакли селитра (аммоний нитрат, нитрат кислотанинг аммоний тузи) ва аммоний сульфонитрат киради. Аммиакли селитра асосан донадор ҳолда ишлаб чиқарилади; бу ўғит таъсирида тупроқнинг мухити кучсиз кислотали бўлади.

Нитратли ўғитларга (азот NO3 шаклида) натрийли, кальцийли, калийли селитралар киради. Нитратли ўғитлар физиологик ишқорийдир, уларни кислотали мухитга эга бўлган тупроқларда ишлатса яхши натижа беради.

Амидли ўғитларга (азот NH2 шаклида) мочевина (карбамид), мочевина-формальдегидли ўғитлар киради. Суғориладиган деҳқончиликда мочевина Азотли ўғитлар ичида энг самарали ҳисобланади. Мочевина-формальдегидли ўғитлар тупроқ қатламидан ювилиб кетмайди, улар тупроқда секин эрийди. Азотли ўғитлар меъёри тупроқ-иқлим шароити, ўсимликларнинг биол. хусусиятлари, тупроққа солинадиган органик ўғитлар миқдори ва б. га боғлиқ. Азотли ўғитлар қўллаганда ўсимликлар ҳосилдорлигини ошиши турлича бўлиб, бу кўрсаткич тупроққа қандай ишлов берилишига, ўстирилаётган экин тури ва б. омилларга боғлиқ. Дала шароитида ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатадики, Азотли ўғитларни қўлланганда пахта ҳосили гектарига 13,5—15,7 ц ва ундан ҳам ортиши мумкин. Ҳосилдорлик гектарига 37,4—39,8 ц бўлиши учун пахта даласига гектарига 250—300 кг соф азот миқдорида ўғит солиш зарур (яна қ. Минерал ўғитлар).

Рисқивой Ёқубов.

Loading...