БАБИРУССА

БАБИРУССА (Babyrousa babyrussa) — чўчқалар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвон. Уруғнинг ягона тури. Бошқа чўчқалардан бошининг кичик, қулоқларининг калта, оёқларининг ингичка ва узун бўлиши, калта думининг учида попугининг бўлмаслиги, орқасининг жуда букчайганлиги билан кескин ажралиб туради. Б. Малайя архипелагининг Сулавеси ва унинг атрофида жойлашган ороллардаги ботқоқли ўрмонларда, сув ҳавзалари яқинидаги қамишзорларда якка-якка ёки кичик тўда бўлиб яшайди. Бабирусса яхши сузади, озиқ қидириб, анча кенг дарёлар, ҳатто денгиз кўрфазларидан ҳам сузиб ўтади. Бабируссани маҳаллий халқ уй ҳайвони сифатида боқади, тез қўлга ўрганади. 10 йилдан кўпроқ яшайди. Ўрмонларнинг кесилиши, гўшти, териси ва қозиқ тиши учун кўплаб овланиши натижасида Бабирусса сони кескин камайиб кетган. У Халқаро табиатни муҳофаза қилиш кенгашининг Қизил китобига киритилган.

Prev Article

БАБА

Next Article

БАДАВИЙ