БАДИҲА

БАДИҲАхалқ оғзаки ижоди анъаналари асосида туйқусдан, бирданига айтилган сўз, шеър ёки қўшиқ. Жаҳон халқлари ижодида учрайди. Муайян асарни ижро ёки қайта ижро этганда ижодкорнинг унга киритган ижодий ўзгартишлари. Бадиҳа санъатнинг барча турига хос бўлиб, тур ва жанрлар хусусиятига кўра турли кўринишларда намоён бўлади. Бадиҳа деганда, кўп ҳолларда шеърий таъбга эга, сўзга чечан кишиларнинг тайёргарликсиз, тўсатдан, қандайдир ички туғён билан айтган жозибали сўзлари, сатрлари тушунилади. Лекин ҳар қандай Бадиҳа юксак тажриба ва иқтидор билан боғлиқ. Бахшилар, аскиячилар, масхарабозлар, эртакчилар санъатида бу ёрқин намоён бўлади. Ҳатто халқ оғзаки ижодининг айрим жанрлари тўлалигича Бадиҳа асосида ижро этилади (мас, Аския). Халқ ижодчилари орасида Бадиҳа санъати қадимдан юксак қадрланиб келган. Пўлкан, Ислом шоир, Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли ва б. бахши-шоирлар, Юсуфжон қизиқ, Амин бува, Жўрахон Султонов, Абдулхай Махсум Қозоқов ва б. сўз усталари ижодида Бадиҳа асосий ўрин тутади. Ёзма адабиётда Бадиҳа асосан мушоира тарзида яратилган. Бадиҳалар яратиш ва айтиш айниқса Алишер Навоий замонида тараққий этган.

Loading...