БАДИИЙ САНОАТ

БАДИИЙ САНОАТ — маиший муҳитни безаш учун хизмат қиладиган амалий безак санъати буюмлари (кийим, мато, гилам, мебель, бадиий шиша, чинни, заргарлик буюмлари ва ҳ. к.)ни саноат усулида тайёрлаш. Кенг истеъмол буюмлари ишлаб чиқарадиган саноатнинг бир қисми бўлган Бадиий саноат маҳсулотлари нафис шакли, безакларининг ечими б-н асл амалий безак санъати асарига айланади. Бадиий саноат маҳсулстларининг ҳар бир турида шу маҳсулотнинг асл нусхаси (биринчи намунаси)ни тайёрлаган рассом, наққош, дизайнернинг маҳорати муҳим аҳамиятга эга. Илк намунани яратган муаллифнинг шахсан ўзи ва б. бир гуруҳ рассом, муҳандис, технологлар, ижрочи ишчилар жамоаси назорати остида шу намуна — нусха асосида маҳсулот (машиналар воситасида) оммавий ва туркумларда чиқарилади. Бадиий саноат корхоналарининг кўпчилигида бадиий буюмлар тайёрлаш (сопол, чинни, металл буюмларга гул, нақш ишлаш, тасвир чизиш, бўртма нақшлар ҳосил қилиш, бадиий ишлов бериш, кашта тикиш ва б.)да қўл меҳнатининг ҳиссаси катта. Бироқ Бадиий саноат корхоналари халқ бадиий ҳунармандлиги корхоналаридан асосан машиналарда ишлаши билан ажралиб туради.

Бадиий саноат бадиий ҳунармандликдан ажралиб саноатнинг бир тармоғига айланиши шаҳарларнинг пайдо бўлиши, ҳунармандлик, артель ва бирлашмалар (қуролсозлар, тўқимачилар, заргарлар ва б.)нинг тадрижий ривожи билан боғлиқ ҳолда кечди. Бу ўз навбатида амалий безак буюмларининг янги турларини пайдо бўлишига олиб келди, уларни тайёрлаш усулларининг ўзи ҳам ўзгарди. Европада бошқа соҳаларга қараганда бадиий мато и. ч., шиша ва кулоллик буюмлари тайёрлаш жадал ривожланди, чинни и. ч. йўлга қўйилди. Россияда чинни ва тоштарошлик буюмлари ва б. тайёрлаш жадал ривожланди. Шарқ мамлакатларида то 19 — 20-а. ларгача бадиий и. ч. узоқ вақт ҳунармандлик даражасида қолди.

18 — 19-а. ларда саноатда туб бурилиш рўй берди, бадиий буюмлар (ипак ва парча мато) и. ч. билан бир қаторда саноатда ипгазлама тайёрлаш ва читга гул босиш йўлга қўйилди. Бу даврда бадиий буюмлар сифати кескин пасайиб кетди. Бадиий саноат маҳсулотлари арзонлиги билан бадиий ҳунармандлик маҳсулотларини сиқиб чиқара бошлади, дастлаб қўл меҳнати асосида тайёрланган буюм шакллари услубий ечими билан ажралиб турадиган ёмон кўринишларда такрорланди.

19-а. охири — 20-а. да бадиий кучни саноатга кенг жалб этиш кучайди, бу эса бадиий лойиҳалаш (дизайн)нинг дастлабки шаклларини юзага келтирди, Бадиий саноат ривожига замин яратди. 20-а. ўрталаридан техника тараққиёти яна амалий безак санъати билан дизайннинг рақобатлашувини кучайтирди. 60-й. лардан Бадиий саноат буюмлари ғоявий мазмуни, ранг-баранг шакли ва безак мутаносиблиги билан аҳамиятга эга бўлди. Қад. ҳунарлар усулини замонавий машиналар воситасида тайёрлаш анъанаси кучайди. Бадиий маданиятнинг муҳим соҳаларидан бўлган замонавий Бадиий саноатнинг бош вазифаси санъатни маиший ҳаётга татбиқ этишдан иборат. Оммавий аҳамиятга эга бўлган рўзғор буюмларининг янги шакллари устида изланишлар жадал олиб борилмоқда. Хом ашёнинг ўзига хос эстетик хусусиятлари ва тайёрлаш жараёни хусусиятлари кулоллик, бадиий шиша, металл ва тўқимачилик буюмлари турлари ва ҳ. к. да намоён бўлади.

Ўзбекистонда Бадиий саноат 20-а. 20-й. ларида дастлаб бадиий маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган артеллар тарзида вужудга келди, бу артеллар 40 — 50-й. лар мобайнида йириклаштирилди, з-д, ф-ка, к-тлар бирлашмаларга айлантирилди. Республиканинг қад. кулолчилик марказларида бадиий кулолчилик корхоналари (Риштон, Ғиждувон, Хива ва б.) вужудга келди, зардўзлик қадимдан ривожланган жойлар (мас, Бухо-ро)да зардўзлик корхоналари ташкил топди. 70 — 80-й. ларда Бадиий саноат амалий санъатнинг бадиий буюмлар тайёрлайдиган асосий йўналишларидан бирига айланди. 90-й. лардан ЎзРнинг баъзи вилоятларида халқ бадиий ҳунармандчилик Республика саноат бирлашмалари ташкил топди. Ҳозир вилоятлар ҳокимликларига ва Тошкент ш. ҳокимлигига бўйсунувчи маҳаллий саноат компаниялари ихтиёрида бадиий буюмлар ишлаб чиқарадиган корхоналар тизими мавжуд: «Шарқ гули» бадиий ҳунармандчилик бирлашмаси, Тошкент чинни з-ди, Тошкент заргарлик з-ди, Чуст миллий пичоқ з-ди, «Атлас» фирмаси, Бухоро зардўзлик ф-каси ва б.

Loading...