БАДМИНТОН

БАДМИНТОН (Англиянинг Бадминтон ш. номидан) — патли копток (волан)ни ракетка билан уриб ўйналадиган теннисга ўхшаш спорт ўйини. Ўйин тўртбурчакли майдончада (яккама-якка учрашувларда майдонча ўлчови 13,4×5,2 м ва жуфтли ўйинларда 13,4×6,1 м) 1,55 м баландликда тортилган тўрда ўтказилади. Ўйинда рақиб урган коптокчани ерга туширмай унга қайтариш муҳимдир. 15 хол (аёллар ва болалар 11 хол) гача саналади. 3 ёки 5 қур ўйналади. Хол 0 ва жуфт бўлганда коптокча ўнгдан, тоқ бўлганда чапдан урилади. Жуфтли ўйинларда ўнг томондан бошланиб, ҳар холдан кейин ўйинчилар шериги билан ўрин алмаштиради. Бадминтон қад. Малайяда вужудга келган, кейинчалик Осиёдаги бошқа мамлакатларга тарқалган. 19-а. 70 – й. ларида Англияда расм бўлиб, ўйин қоидалари ишлаб чиқилгач Европанинг бошқа мамлакатларига ҳам ёйилди. Халқаро бадминтон федерацияси (ИБФ) 1934 й. ташкил топди, унга 80 дан ортиқ мамлакат аъзо (1991). 1977 й. дан жаҳон биринчилиги ўтказиб келинади. 1992 й. дан Олимпия ўйинлари дастуридан жой олди. Эркаклар учун Томас кубоги (1947 й. дан), аёллар учун Убер кубоги (1955 й. дан) энг йирик халқаро мусобақалар, Англиянинг очиқ биринчилиги (Уимблдон турнири) эса норасмий жаҳон чемпионата ҳисобланади. Б. Ўзбекистонда 50 – й. лардан ривожлана бошлади.

Prev Article

БАДИУЗЗАМОН

Next Article

БАЁНОТ