БАДРИДДИН ЧОЧИЙ

БАДРИДДИН ЧОЧИЙ (тахаллуслари: Чочий, Бадр, Шоший) (1285, Тошкент — 1344, Дехли) — шоир. Мисрда ва Бағдод ш. да таҳсил олган. Туркий ва форсий тилларда ижод қилган. 1332 й. да Тошкентдан Деҳлига борди ва у ерда Султон Муҳаммадшоҳ Туғлуқ саройида хизмат қилди. Ҳукмдорларга атаб қасидалар ёзди. «Малик уш-шуаро» («Шоирлар шоғи»), «Фахр уз-замон» («Замон фахри») унвонларига мушарраф бўлган. Бадриддин Чочий қасидаларида ижтимоий турмушдаги камчиликларни ҳажв остига олган, ушбу жанрни юқори босқичга кўтарган. Қасидачиликда васфни қайта тиклаган. Бадриддин Чочий ўз асарларида адолатли, халқпарвар шоҳларни орзу қилган. «Қасидаи шитоия» («Қиш қасидаси»), «Қасидаи сайфия» (Ёз қасидаси»), «Қасидаи раббия» («Баҳор қасидаси») каби асарларида табиат гўзалликларини мадҳ этган. Бадриддин Чочийнинг 70 га яқин қасида, рубоий, қитъа ва ғазалларни ўз ичига олган «Шарҳи қасоиди Бадри Чочий» («Бадри Чочий қасидалари шарҳи», 1343) асари сақланиб қолган. Шоир услуби мураккаблиги учун кейинчалик унинг асарларига махсус шархлар битилган (Ғиёсиддин Мустафо, «Кашф ул-асрор», 1840/41; Муҳаммад Усмон Қайс, «Нусхаи Усмоний», 1848 ва б.).

Бадриддин Чочий қасидалари тўпламининг 2 нусхаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланади (инв. № 1051, 151).

Loading...