БАҒАЛ

БАҒАЛ — меъморий безак. Гумбаз остидаги шакл. Тўғри тўртбурчак, мураб-ба тарғли хоналар Бағал ёрдамида дойра шаклига келтирилади. Бинонинг ички қисмидаги гумбаз остига ёки пойгум-базга ишланади. Гумбаз оғирлиги асосан Бағалга тушади. Кўпинча равоқчалар кўринишида бўлади. Византия меъморлигининг асосий конструктив элементларидан бири ҳисобланган (асосан хочсимон тарҳли бинонинг гумбазлари қурилишида), кейинчалик рус меъморлигида ҳам қўлланилган. Шунингдек Уйғониш даври меъморлигида гумбазли бинолар қуришда Бағалнинг мураккаб намуналари яратилган. Туркистонда 9 — 11-а. лар меъморлигида қўлланила бош-лаган. 14 — 15-а. ларда Бағал юксак даражада ривожланиб, унинг ўзига хос миллий меъморлик анъаналари асосида бадиий намуналари яратилган. Сарой, Мадраса, масжид, мақбаралар қурилишида серғовак, чарҳи, равоқли, қалқонсимон равоқли, муқарнас равоқли, қалқонсимон мумтоз, тўлиқ бўлмаган қалқонсимон, равокларда кесишган кўп қатламли қалқонсимон каби Бағал лардан фойдаланилган. Бағаллар турт, саккиз, катта биноларда ўн олти равоқчали қилиб ишланган, оралиғи гажаклар ёрдамида тўлдирилган, учбурчак шаклида юпқа девор ҳошиялар терилган. Муқарнас, ироқи, ироқи-муқарнас, поғонали, қолипкори услубида безатилган. Кейинги йиллар меъморлигида ҳам учрайди.