БАҒДОД — Ироқнинг пойтахти (1921); Бағдод муҳофазасининг маъмурий маркази. Дажла дарёсининг ҳар икки соҳилида; Марказий ва Жан. Осиё ҳамда Ўрта денгиз мамлакатларини бирлаштириб турувчи йўллар чорраҳасида. Мамлакатнинг энг катта шаҳри. Аҳолиси 4 млн. киши (1990). Бағдодда араблар (аксарият), курд, арман, турк, яҳудий ва форслар яшайди. Иқлими Ўрта денгиз иқлими; янв. нинг ўртача т-раси 10°, июлники 34°, йилига ўртача 163 мм ёғин ёғади. Бағдодни 762 й. халифа Мансур (754 — 775) Мадинат ас-Салом (Тинчлик шаҳри) номи билан бино қилиб, Аббосийлар халифалиги пойтахтига айлантирган. Бағдод этимологияси тўғрисида бир неча ривоятлар бўлиб, шулардан энг кўп тарқалгани: Боғи Дод (Доднинг боғи) ва Бут (санам) туҳфаси. 9-а. да Бағдод хунармандчилик, савдо ва ўрта аср Шарқ маданиятининг маркази бўлган. Бағдодни эронлик бувайҳийлар (945), салжуқийлар султони Тўғрулбек (1055) ва мўғул хони Ҳулокухон (1258) босиб олган. 1393 ва 1403 й. ларда Амир Темур салтанати таркибига кирган. 1410 — 1508 й. ларда Б. Қора қўюнли ва Оқ қўюнли кўчманчи туркман хонлари қўл остида бўлди. 1508 й. да Эрон са-фавийлари эғаллаган, 1534 й. эса Ус-монли турклар давлатига қўшиб олинди. 1623 й. да Бағдодни Эрон шоҳи Аббос I бўйсундирган. 1638 — 1917 й. ларда Усмонли турклар тасарруфида бўлди. 18-а. да Б. Осиёдаги йирик савдо марказларидаи бирига айланди. 1-жаҳон уруши даврида Бағдодни Англия қўшинлари босиб олди (1917 й. март), 1920 — 21 й. ларда Англиянинг мандатли ҳудуди таркибида. 1921—58 й. лар Ироқ қироллигининг, 1958 й. дан Ироқ Рес-публикасининг пойтахти.
Бағдод — мамлакатнинг транспортсано-ат, савдомолия маркази. Т. й., автомобиль ва ҳаво йўлларининг тугуни. Халқ-аро аҳамиятга эга аэропорт бор. Йирик дарё порти (четга дон. хурмо, жуп, тери ва б. чиқарилади). Мамлакатдаги саноат корхоналари (асосан тўқимачилик, кўнчилик, тикувчилик ва озиқ-овқат) нинг 25%и Б. да. Металлсозлик, кимё, цемент саноати, электротехника з-ди бор. Ҳунармандчиликда рўзғор асбоблари, заргарлик буюмлари, гилам, пойабзал каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бағдод яқини (Дора)да нефтни қайта ишловчи йирик з-д бор. Шаҳарда кўплаб замонавий бинолар қурилган. Шаҳарнинг чап соҳилдаги қисмида маъмурий муассасалар, парламент, хукумат бинолари, ўнг соҳилида и. ч. корхоналари ва устахоналар жойлашган. Дажлага бир неча йирик кўприк қурилган. Меъморий ёдгорликлардан Зубайда мақбараси (13а.), Хон Маржон карвонсаройи (1358 – 59), Аббосийлар саройи (12 – 13-а. лар), Олтин масжид (16-а.) ва б. сақланган.
Бағдодда ун-тлар, Фанлар академияси, Нафис санъат ин-ти (1936), юридик, савдо, тиббиёт, ўқитувчилар коллежлари, кўплаб музейлар, жумладан Ироқ музейи, Араб осори атиқа музейи, ку-тубхоналар бор.