БАКРОН

БАКРОН Муҳаммад ибн Нажиб (12-а. охири — 13-а. боши) — географ ва хариташунос. Бакрон газламага чизилган «Олам шакли» — дунё харитасини 1209 й. да Муҳаммад Хоразмшоҳ Аловуддин ибн Такашга (1200 — 1220 й. ларда ҳукмронлик қилган) такдим этган. Хаританинг ўзи йўқолган, аммо ўша харитага илова қилинган батафсил изоҳот — «Жаҳоннома» қўлёзмаси сақланиб қолган (Осиё халқлари ин-ти қўлёзмалар фонди. Санкт-Петербург, шифр С — 612). «Жаҳоннома»дан маълум бўлишича, харита рангли қилиб ишланган ва унинг шартли белгилари бўлган: шаҳарлар кичик доирачалар б-н, денгизлар яшил рангда, дарё ва сойлар оч қизил рангда, тоғлар тўқ қизил, чўл ва қумликлар сариқ, шим. даги қорли ўлкалар оқ рангда кўрсатилган. Барча номлар қизил рангда ёзилган. Харитага меридиан ва параллеллар ҳам чизилган. «Жаҳоннома»да 600 та номга изоҳ берилган. Бакрон дунё харитаси ва изоҳотни тузишда ўзидан олдин шу соҳаларда ҳам тадқиқот ўтказган Абу Райҳон Беруний, Носир Хисрав асарларидан фойдаланганини уқтириб ўтган.