БАЛ РАҚСИ

БАЛ РАҚСИ — оммавий кўнгил очишга мўлжалланган рақс кечалари (бал)да икки ёки ундан ортиқ жуфтликлар ижро этадиган рақс. Бал рақси 14-а. да Италияда юзага келган. Бал рақсининг назарий қонун-қоидалари шу ерда шаклланган, кейинчалик Францияда кенг тарқалган. 14 — 16-а. ларда Италия ва айниқса Францияда бранль, вольта Б. р. лари машҳур бўлди. 17-а. дан бутун Европа бўйлаб кенг тарқалди. Ҳар бир мамлакатда ўзига хос йўсинда шаклланди ва турли кўринишларда бойиб борди. Халқ орасида бурре, гавот, аллеманда, менуэт чаконна, жига, сарабанда турлари оммалашди. 18-а. га келиб паспье, мюзет, ригодон, контрданс, экоссез, лендлер каби эркин рақслар кенг ёйилди. 19-а. да тампет, мазурка, полонез, матредур, кадрил, ленсье, ландлер, галоп, канкан, полька, турли кўринишдаги вальслар ва б. ритмик тарзда ривожланди. 19-а. ўрталаридан вальс энг машҳур Бал рақсига айланди. 20-а. дан Америка ва Европа Бал рақси (бостон, фокстрот, танго, чарльстон ва б.) урф бўлди. Ўзбекистонда Бал рақси Россия таъсирида 19-а. охирларидан ижро этила бошлаган. Ҳоз. кунда Бал рақси маданият саройлари (мас, Авиасозлар маданият саройи), ҳаваскорлик тўгараклари ва б. жойларда, шунингдек профессионал (раққоса)лар томонидан ижро этилиб келинмоқда.

Loading...